Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон туманларининг мастер-режаларини ишлаб чиқиш муҳимлиги ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, туманнинг мастер-режаси бўлса, бу жуда катта маблағ, тадбиркорлар ва иш ўринлари манбаига айланади, лекин ҳозиргача бор-йўғи 17 та кичик аҳоли пункти учун бундай ҳужжатлар тайёрланган.

«Ҳокимнинг биринчи ўринбосарларига бу керак эмасдек бўляпти. Агар мастер-режа бўлса, у режали иш бўлади, натижали иш бўлади. Ҳали ер талон-торож [қилиш] бўйича жуда қаттиқ ҳисоб-китоб бўлади, шуни ҳамма билиши керак. Ҳозир таҳлил қилдиряпман, нимага янги фармон бўйича, биржада қатнашиш учун Қашқадарёда бор-йўғи 38 фоиз, Сурхондарёда 31 фоиз пахта майдонлари электрон платформага киритилган? Республика бўйича 60 фоиз, Қашқадарёда ё ерлар йўқ, ёки бу ерда ўйин кетяпти. Биз қабул қилган фармонга зид иш қиляпти ҳокимлар», — деди у.

Президент декабрь ойида 2024 йилги ҳосил мавсумидан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича шартномалар товар-хомашё биржаси орқали тузишни кўзда тутадиган фармонни имзолаган эди. Фермерлар ортиқча хомашёни, шунингдек, ўз маблағи ҳисобидан етиштирилган пахтани эркин сотиш имкониятига эга бўлади.

Давлат активларини бошқариш агентлигига ерларни аукцион савдосида сотиш бўйича 4 триллион сўмлик режани ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Президент E-auksion электрон платформаси орқали 1 триллион сўм тушум таъминлаш бўйича ҳам топшириқ берди.

Иқтисодий комплекс раҳбари, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда йил охиригача 70 та, 2025 йилда эса республикадаги барча туманларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш топширилди.

«Қандай қийин бўлмасин, қиммат бўлмасин, агар буни ўзимиз қилмасак, бу давом этаверади. Бу — ҳамма коррупцияга асос… Бу жуда катта тушум, жуда катта ишлаб чиқариш ва жуда катта иш ўринлари манбаи. Агар шуни жой-жойига қўйсак, ҳозирги бозор иқтисодиётига Ўзбекистон ўтаётганидан далолат бўлади», — деди давлат раҳбари.

Шу йиғилишда президент 33 та ғаллачилик корхонасини хусусийлаштиришни тезлаштириш, уларнинг нархини бозор нархига тушириш бўйича ҳам кўрсатмалар берди. У вазирлик ва ҳокимликлар активларининг сотуви сустлашиб бораётганини танқид қилди. Масалан, Тошкент шаҳрида 25 гектар ер аукцион савдоларига қўйилиб, кейин олиб қўйилган, бунинг оқибатида бюджет 600 миллиард сўм тушумсиз қолган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июль ойида ҳудудларнинг бош ва мастер-режаларини уч босқичда ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Кенгаш биринчи босқичда муайян вилоятнинг 5, 10 ва 20 йиллик ривожланиш йўналишлари, ер ва инфратузилма чегараларини белгилайдиган бош схемасини тасдиқлаши лозим. Улар асосида, иккинчи босқичда, ҳудуднинг бош режаси ишлаб чиқилади. Бунда саноат, хизмат кўрсатиш ва аҳоли масканларини белгилаш, йўллар ва инфратузилма тармоқларини тақсимлаш кўзда тутилади. Учинчи босқичда, бош режаларга асосан, вилоят, туман ва шаҳар бош архитекторлари ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари ўз ҳудудининг мастер режаларини тасдиқлайди. Бунда уй-жойлар, мактаб, боғча, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг жойлашуви кўрсатилади.