Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар берди Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

Ҳужжатга кўра, 2024 йилги ҳосил мавсумидан бошлаб пахта хомашёси ишлаб чиқарувчилар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасидаги муносабатлар янгича шаклда йўлга қўйилади.

Пахта хомашёсини етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида хомашё етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг «пахта хомашёси секцияси»да ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади.

Бунда фермер ўзи етиштирган пахтани биржага қўяди ва ўз минтақасидаги юқори нарх таклиф қилган кластер билан фючерс шартномасини тузади. Дастлабки нарх пахта толасининг Нью-Йорк фонд биржасидаги сўнгги 12 ойдаги ўртача нархидан келиб чиқиб белгиланади.

Фермерлар фьючерс шартномасига мувофиқ етказиб берилиши лозим бўлган ҳажмдан ортиқча етиштирилган хомаёшни, шунингдек, мазкур хомаёшдан тайёрланган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотларни бевосита фьючерс шартномаси тузилган кластер, шунингдек, биржадаги исталган бошқа субъектга сота олади.

Агар фермер ўз маблағлари, шу жумладан, кредитлар ҳисобидан пахта етиштирса, у ҳолда пахта хомашёсини ҳамда ундан олинган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотларни (тола, чигит, ва бошқалар) биржада эркин сотиши мумкин бўлади.

Пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари учун биржа савдоларида қатнашиш тартиби бўйича семинарлар ташкил этилади. Шунингдек, кластер ва бошқа корхоналар пахта хомашёсини фақат электрон тарозилар орқали қабул қилиб, пахта толасини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиши белгиланди.

2024 йилги ҳосилдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фермерлар ва кластерларга пахта хомашёси етиштириш, пахта ҳосилини йиғиштириб олиш ва сотиб олиш учун кредит беришнинг янги тизими жорий этилади.

Ҳар йили 1 октябрдан бошлаб пахта хомашёси етиштириш учун фьючерс шартномаси тузган ишлаб чиқарувчилар ва уруғчилик хўжаликларига пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача бўлган миқдорда 12 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоизлик ставкада (2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда) 14 ойга кредит берилади.

Кластерларга пахта хомашёси таннархининг 80 фоизигача бўлган миқдорда йилига 10 фоизлик ставкада (2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда) 10 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр ва охирги 4 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан кредит ажратилади. Маблағ пахта хомашёсини сотиб олиш бўйича якуний ҳисоб-китоб қилиш учун ажратилади.

Ижарага олинган ерларда пахта етиштирувчи кластерларга хомашё қийматининг 60 фоизигача, 2 йил муддатга, 18 ой имтиёзли давр билан кредит берилади. Етиштирилган пахта хомашёсини йиғиш учун эса кластерларга хомашё таннархининг 20 фоизигача, бир йил муддатга, 3 ойлик имтиёзли давр билан маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, фьючерс бўйича пахта етказиб бериш тўлови шартлари доирасида сумманинг 80 фоизи сотувчи томонидан товар қабул қилингандан кейин уч иш куни ичида, қолгани эса 31 декабргача сотувчига келиб тушиши керак.

Кредитлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширишда фермер ва кластерлар товарлар, ишлар ҳамда хизматлар, шу жумладан, моддий ресурслар етказиб берувчиларни ўзлари танлайди. Ҳозирда фақат буғдой етиштирувчилар бундай ҳуқуққа эга.

Кредит олиш учун аризалар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» тизими орқали тўлиқ электрон шаклда топширилади.