Наманганда Mersedes-Benz ҳайдовчиси ўзи йўл ҳаракати қоидаларини қандай бузганини Instagram`да жонли эфирда тасвирга олди. У жавобгарликка тортилгани ҳақида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати хабар берди.

1 январь куни соат 03:00 ларда 2000 йилда туғилган йигит ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда автомобилдан давлат рақамини ечиб олиб, Наманган шаҳри Ислом Каримов кўчаси бўйлаб телефонда гаплашиб, 145 км/соат тезликда ва тақиқланган манёврларни амалга ошириб ҳаракатланди.

«Ҳеч ким йўқ, сиз хоҳлаганингизча тезлашишингиз мумкин, ҳа, шундай», — дейди у видеода.

Машина жарима майдончасига қўйилгандан сўнг, йигит машинани синовдан ўтказиш учун бошқа одамдан уч кунга олиб турганини айтди.

«Бу мен учун ҳам, атрофимдагилар учун ҳам жуда хавфли экан. Мен ўзим учун етарли хулосалар чиқардим. Ўзбекистон халқидан ва Наманган халқидан алоҳида узр сўрайман. Бу бошқа такрорланмайди. Худо хоҳласа, бундан буён бундай ҳуқуқбузарликлар бўлмайди», — деди у.

Ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддалари бўйича жавобгарликка тортилган:

  • 126-модда (Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш);
  • 128−1 (Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши);
  • 128−4 (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши);
  • 128−5 (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши);
  • 125-модданинг 5-қисми (Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш);
  • 135-модда (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши).