Тошкент ҳавосидаги PM2,5 миқдори ЖССТ тавсияларидан 18,7 бараварга ошди

Чоршанба куни эрталаб соат 8:00 ҳолатига кўра, Тошкент ҳавосидаги PM2,5 зарралари миқдори 67,5 мкг/м3 ни ташкил этди. Бу ЖССТ тавсиясидан 18,7 баравар юқори. Соат 4:00 да «Ўзгидромет» ҳудудида бу кўрсаткич 87,5 мкг/м3 ни ташкил қилди.

Япониядаги зилзила оқибатида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Асосий маълумотлар

Япониянинг Ишикава префектурасида юз берган 7,6 магнитудали зилзила оқибатида камида 64 киши ҳалок бўлди. Қўшни ҳудудларда ҳам вайронагарчиликлар қайд этилган. Давом этаётган зилзилалар қутқарув ишларига тўсқинлик қилмоқда. Фото.

Ҳафта давомида ҳаво илиқ бўлади, жума куни ёмғир ёғиши кутилмоқда

Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳаво илиқ бўлади. Ҳарорат кундузи +8…+15, кечаси 0…+5 даража атрофида бўлиши кутилмоқда. Туман тушиб, шамол кучайиши, жума куни айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши мумкин.

2023 йилда инфляция 8,77 фоизни ташкил қилди. Ўзбекистонда ўтган йил давомида нархлар қандай ўзгарди?

2023 йил якунига кўра Ўзбекистонда 8,77 фоизли инфляция қайд этилди, бу 2016 йилдан бери энг паст кўрсаткич саналади. Йил давомида гуруч 38,7%, гўшт 9,3%, сут 13,3%, тухум 11,7%, шакар 11% га қимматлади. Бензин нархи 19,1%, пропан нархи эса 29,4% га ошди.

Тошкент ҳокимияти Fitch агентлиги рейтингини қайтармоқчи

Тошкент ҳокимияти Fitch халқаро рейтинг агентлигининг шаҳар рейтингини аниқлаш жараёнидаги иштирокини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Аввалроқ Fitch шаҳар рейтингини қайтариб олганди.

Тошкент вилоятидаги автобус ва микроавтобусларда йўлкира нархи ошди

Тошкент вилоятида йўловчиларни ташиш хизматлари бўйича янги тарифлар белгиланди. Эндиликда автобуслардан фойдаланганлик учун 1500 сўм, йўналишли такси (микроавтобус)лар учун 2000 сўм тўланади.

Аи-80 бензини баҳорда қимматлайди. 1 апрелдан бензин, дизель ёнилғиси ва газга нисбатан акциз солиғи оширилади

Ўзбекистонда 1 апрелдан Аи-80 бензинига нисбатан акциз солиғи ставкаси 12 фоизга, Аи-91 ва ундан юқори бензин учун ўзгаришсиз қолади. Қарор зарарли газларнинг аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш билан изоҳланди, бироқ акциз солиғи экологик тоза ёнилғи турларига нисбатан ҳам оширилади.

Дарахт кесиш ҳолатлари давом этаётгани сабаб Тошкент экология бошқармаси ваколатлари вақтинча чекланди

Пойтахтда мораторий талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани ва дарахт кесиш ҳолатлари давом этаётгани сабаб Экология вазирлиги Тошкент шаҳар экология бошқармаси раҳбар ва ходимларига хизмат текшируви тайинлади. Шунингдек, 1 февралгача бошқарма ваколатлари чекланди.

Қорақалпоғистонда ичимлик ва оқова суви нархи ошди

Қорақалпоғистонда 1 метр куб ичимлик суви нархи аҳоли учун 2900 сўм, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун 5700 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, оқова суви нархи ҳам ошди.

Маҳалла раисининг ваколат муддатини узайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда маҳалла раисларининг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йилгача узайтириш режа қилинмоқда. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунда «маҳалла еттилиги»нинг ўзаро ҳамкорликда ишлаш механизмлари ҳамда уларнинг коллегиал масъулияти аниқ белгилаб берилади.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консули этиб Шерзод Абдуназаров тайинланди. Аввалроқ бу лавозимда ишлаган Амирсаид Аъзамхўжаев Ўзбекистоннинг Полшадаги элчиси этиб тайинланганди.

Бир қатор амалдорлар хусусий компаниялар таъсисчилари ва бошқарувчилари рўйхатидан чиқди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахслар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бартараф этилганини хабар қилди. Улар орасида икки нафар ҳоким, вазир ўринбосари, Фармацевтика агентлиги, Антидопинг маркази, Марказий депозитарий, PR-марказ ва Ахборотлашув маркази раҳбарлари бор.

IT-Med тугатилмоқда, Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси билан UZINFOCOM шуғулланади

Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш билан шуғулланган IT-Med давлат муассасаси тугатилмоқда, унинг Рақамли соғлиқни сақлаш платформасини яратиш бўйича мажбуриятлари UZINFOCOM ягона интеграторига ўтказилмоқда. Соҳага оид асосий ахборот тизимларини ишга тушириш 2024−2025 йилларга мўлжалланмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган махсус материллар:

Фото: 1 январь тонгидаги Тошкент

Уйқудаги ҳовлилар ва мушакларнинг ерда сочилиб ётган пачоқ қадоқлари, қарийб йўловчисиз жамоат транспорти, тонг офтобида товланаётган кимсасиз кўча ва майдонлар. «Газета.uz» мухбири Искандар Мирзаҳмедов Тошкент 2024 йилнинг илк тонгини фотосуратларга муҳрлади.

Тест: Тошкентдаги туман ҳокимликларининг биноларини танийсизми?

Тошкентни қанчалик яхши биласиз? Масалан, Тошкентдаги ҳар бир туман ҳокимлигини биносига қараб ажрата оласизми? «Газета.uz»нинг навбатдаги тести — шу ҳақда.