Ўзбекистонда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда (ҳозирги таҳрир 2013 йилда қабул қилинган). Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг 21 декабрдаги қарорида сўз боради.

Қонун лойиҳасини 1 мартгача «маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб» ишлаб чиқиш топширилди. У янги ташкил этилган Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилади.

Қонуннинг янги таҳририда қуйидагилар назарда тутилган:

  • ҳудудларнинг тарихий хусусиятлари ва аҳоли пунктларининг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда маҳаллаларни ташкил қилишнинг аниқ мезонларини белгилаш;
  • «маҳалла еттилиги»нинг ўзаро ҳамкорликда ишлаш механизмлари ҳамда уларнинг коллегиал масъулияти ва жавобгарлиги доирасини аниқ белгилаш, маҳалла раисининг уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва йўналтириш, рағбатлантириш ва интизомий жазолаш бўйича ваколатларини мустаҳкамлаш;
  • маҳалла томонидан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича оширилган коэффициентлар қўллаш юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига таклиф киритиш;
  • «маҳалла еттилиги» таркибидаги лавозимларга тайинлашда ушбу маҳаллада яшовчи номзодларга устуворлик бериш;
  • маҳалла раисининг сўровига жавоб бермаслик ёки тақдимномасида қўйилган масалани кўриб чиқмаслик учун жавобгарлик белгилаш;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳалла раислари ўз фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйганда, уларга нисбатан ишончсизлик билдириш ва ушбу масалани кўриб чиқиш ваколатларини бериш.

«Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонун (2018 йилда қабул қилинган) ҳам янги таҳрирда қабул қилиниши кўзда тутилган. Унда маҳалла раиси сайловини аҳоли томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш, шунингдек, маҳалла раисининг маълумоти ва малакасига қўйиладиган талаблар акс эттирилади.

Қонунда кўрсатилиши керак бўлган бошқа масалалар қаторида маҳалла раисининг ваколат муддатини уч йилдан беш йилгача узайтириш ҳам бор.

Аввалроқ «Газета.uz» президентнинг шу санадаги фармони билан Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши ва Маҳаллалар уюшмаси тасдиқлангани ҳақида ёзганди. Ҳужжатда маҳалла «аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг таянч бўғини» сифатида қайд этилган. Янги йилдан бошлаб барча туман ва шаҳарларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилиши белгиланган.

Худди шу фармонда «маҳалла еттилиги»нинг (аввалги «бешлик») ҳар бир аъзосининг вазифалари белгилаб берилган. Уларнинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳоланади. Ҳукуматда «еттилик»ни қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилмоқда.