2021 йилда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш мақсадида МЧЖ шаклида ташкил этилган IT-Med давлат муассасаси тугатилмоқда. Бу президентнинг 28 декабрдаги соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

IT-Med Рақамли соғлиқни сақлаш платформасини тайёрлаши кутилган эди. 2024 йил 1 январдан Ўзбекистондаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, жумладан, дорихоналар мажбурий тартибда порталга уланишни бошлаши керак эди. Бу механизм мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилганди.

Эндиликда янги қарор билан тугатилаётган IT-Med`нинг вазифа ва функциялари UZINFOCOM Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интеграторига топширилди. IT-Med`нинг амалдаги лойиҳалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам тўлиқ унга ўтади.

Шу муносабат билан UZINFOCOM ягона интеграторига қўшимча вазифалар юкланган:

  • халқаро тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараёнларини рақамлаштириш орқали оптималлаштириш ва соддалаштириш;
  • «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимларини ягона комплексини жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
  • тиббиёт ва фармацевтика соҳасида рақамли технологиялар ҳамда коммуникациялар сиёсати ва стандартларини жорий этиш;
  • соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимларини ривожлантириш, хорижий молия ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрларини, концепцияларини ишлаб чиқиш.

Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш учун маблағ ажратиш давом эттирилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирда Рақамли соғлиқни сақлаш платформасини ишлаб чиқиш давом этмоқда, бунинг учун маблағ Германиянинг KfW банки томонидан ажратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати — 58,2 миллион евро, КfW шундан 45 миллионини кредит, яна 5,5 миллионини грант кўринишида тақдим этган, ҳукумат иштироки эса 7,7 миллион еврони ташкил этади.

Аввал белгиланганидек, Ўзбекистондаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, жумладан, дорихоналар ҳам Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига мажбурий тартибда уланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2025 йил 1 январдан бошлаб рақамли соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва сақлаб туриш мақсадида платформада қайд этилган ҳар бир суғурта ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ маълумотларни ишлаш ва қайта ишлаш учун ягона интеграторга Давлат тиббиёт суғуртаси жамғармасидан давлат тиббиёт муассасаларига тўланадиган маблағнинг 0,3 фоизи миқдорида комиссия тўлови ажратилади.

Фармонда соғлиқни сақлаш ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш муддатлари белгиланган:

  • Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ахборот тизими — 2025 йил февраль;
  • «Электрон шифохона» ахборот тизими — 2025 йил февраль;
  • Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини автоматлаштириш — 2025 йил сентябрь;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мобил иловасини такомиллаштириш — 2024−2025 йилларда;
  • «Электрон рецепт» тизими: рецепт бўйича бериладиган дори воситалари рўйхати ҳамда давлат ва хусусий дорихоналарни ушбу тизимга улаш тартибларини тасдиқлаш — 2024 йил июнь, ушбу тизимни дорихоналарда жорий этиш — босқичма-босқич 2024−2025 йилларда;
  • Фтизиатрия касалликларининг ягона электрон реестри — 2024 йил декабрь;
  • Онкологик касалликларга чалинган беморларнинг электрон рўйхатини юритишга мўлжалланган «Cancer-реестр» ахборот тизими: тизимни ишлаб чиқиш — 2024 йил октябрь, тизимни ишга тушириш — 2024−2025 йиллар давомида;
  • «Лаборатория» ахборот тизими — 2024−2025 йиллар давомида;
  • Тиббиёт ходимларини компьютер саводхонлиги ва ахборот тизимлари билан ишлашга ўқитиш — 2024 йил ноябрь;
  • Она ва бола саломатлиги паспортининг электрон тизими — 2024 йил сентябрь;
  • Нефрологик касалликларга чалинган беморлар реестри ва гемодиализ учун сарфлов материаллари мониторинги юритиладиган ахборот тизими — 2024 йил декабрь;
  • Мушак атрофияси ташхиси қўйилган болалар реестри ва сарфлов материаллари мониторинги ахборот тизими — 2024 йил декабрь;
  • Буйрак ва жигар бўлаги ҳамда гематопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантация қилинган беморлар реестри ва сарфлов материаллари мониторинги ахборот тизими — 2024 йил декабрь;
  • Ягона порталда дори воситалари ва уларнинг аналоглари тўғрисида маълумот олиш имконияти — 2024 йил июль.