Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Рақамли бошқарув марказида мамлакатни минтақавий IT-хабга айлантириш борасидаги ишлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Хабарда бу борада амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида сўз боради: агар 2017 йилда мамлакатда IT-компаниялар сони 147 та бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1600 тага етди. Иш ўринлари сони ҳам қисқа вақт ичида 10 баробар кўпайиб, 24 мингдан ошди. 2017 йилда 600 минг доллар бўлган экспорт ҳажми жорий йил якуни билан 300 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Бугунги кунда my.gov.uz ягона портали орқали 8 миллиондан ортиқ фуқаролар 570 турдаги онлайн хизматлардан фойдаланмоқда. Ижро интизоми ягона тизими — ijro.gov.uz орқали давлат идоралари ва уларнинг қуйи бўғинлари ходимлари томонидан 28 миллионта ҳужжат электрон айирбошланган.

Президент бу тизим раҳбарларнинг онги ва масъулиятини ўзгартирганини таъкидлаб, ҳужжатлар интеграцияси ва сифатини яхшилаш, ижро интизоми назоратини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

2022 йилда БМТнинг Электрон ҳукумат рейтингида Ўзбекистон 18 поғона юқорилаб, 69-ўринни эгаллади. 2030 йилга бориб, ушбу рейтингда биринчи ўттизталикка кириш бўйича йиллик чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

«Ўзбекистон-2030» стратегиясида IT-хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган. Бунинг учун ҳудудларда IT-инфратузилмани ва венчур бозорини ривожлантириш, маҳаллий корхоналарни экспортга олиб чиқиш, мамлакатда халқаро компанияларнинг офисларини очиш каби кўплаб чоралар кўзда тутилган.

Шу мақсадда икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, IT-park ҳудудида Англия ҳуқуқини жорий этиш, резидентлар учун солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш, умуман, бу соҳага 100 йиллик қулайлик яратиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари, туризм, инвестиция салоҳиятини уйғунлаштирган яхлит имижини яратиш бўйича кўрсатма берди. Тақдимотда соҳага ихтисослашган таълим тўғрисида ҳам ахборот берилди. Сўнгги 3 йилда IT-ўқув марказлари сони 300 дан ошди.

2019 йилда бошланган «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқитилиб, сертификатланган ёшлар сони 1,2 миллион нафарни ташкил этди. Ўтган йилдан бошлаб халқаро IT-сертификатларга ўқиш харажатларини 50 фоизгача қоплаб бериш йўлга қўйилди. 215 минг нафар ёш халқаро онлайн курсларни тамомлаб, сертификатлар олди.

Бу ишларнинг давоми сифатида 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 5 минг нафар иқтидорли ёшларни саралаш, ўқитиш ҳамда ҳалқаро меҳнат бозорига тайёрлаш тизими жорий этилади. Хоразм вилоятида «Ал-Хоразмий ворислари» лойиҳасида ўқитиш бошланади. Умуман, IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни халқаро компаниялар талабига мос дастурлар асосида тайёрлаш ва иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Шу ерда космик геоахборот тизими орқали сув омборлари ҳамда ер қаъридан фойдаланиш ҳолатларини мониторинг қилиш дастури ҳақида маълумот берилди.

Президент «Узинфоком» ягона интегратори офисида яратилган шарт-шароитлар билан танишди, мутахассислар билан суҳбатлашди.

«Сизлар ҳозирги ислоҳотларда бизнинг энг ишонган кучимиз. Келажакда сиздек мутахассисларга эҳтиёж янада ошади. Ҳар бир соҳа ва ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат ривожланмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўша ерда сунъий интеллект асосида биометрик идентификация қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, электр таъминоти биллинги бўйича ахборот берилди. Давлат раҳбари ижтимоий соҳалар, айниқса, тиббиёт соҳасининг рақамли тизимини такомиллаштириш, одамларни рози қилиш зарурлигини таъкидлади.

Президентга Самарқанд вилояти Нуробод туманида ташкил этилган IT Village ҳақида маълумот берилди. Бу мажмуа 1−9-синф ўқувчиларини ахборот технологиялари билан таништириш ва бунга қизиқтириш, уларга илк кўникмаларни ўргатишга қаратилган.

Давлат раҳбари бундай мажмуаларни барча ҳудудларда ташкил этиш бўйича топшириқ берди.