Тошкент шаҳри Учтепа туманида Yutong русумли электробус бетон устунга урилгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, 2023-йилнинг 14-декабрь куни соат 09:15 ларда, «18-автобус саройи» филиали тасарруфидаги Yutong русумли 53-сонли йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи А.А. (иш тажрибаси 7 йил) бошқарувидаги электробус Учтепа тумани Ўрикзор маҳалласи Зарафшон кўчасида йўлдаги музлама сабаб бошқарувни йўқотиб йўл четидаги симёғочга урилган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Электробус техник шикастланган.

Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.