2021 йил май ойида 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилган блогер Отабек Сатторий умумий тартибдаги колониядан манзил колонияга ўтказилди. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Қонунга кўра, тузалиш йўлига ўтган ва жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган маҳкумлар манзил колонияларга ўтказилади.

Сатторий иши

2021 йил 29 январь куни Термиз шаҳри ИИБ ходимлари Отабек Сатторийни қўлга олган. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни мажбуран машинага ўтқазиб, олиб кетаётгани акс этган видео тарқалган. Дастлаб унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-модданинг 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинчалик ушбу модданинг 2-қисми сифатида қайта таснифланган, кейинроқ янги айбловлар қўйилган.

Адвокат бу иш уйдирма эканини таъкидлаган. Вазиятга депутат Расул Кушербаев, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раҳбари Комил Алламжонов, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (АҚШ) ва бошқалар муносабат билдирган. Бунга жавобан Ички ишлар вазирлиги жиноят иши терговига аралашганлик учун жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Суд 2021 йил 10 майда Сатторияни 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияда ўташга ҳукм қилган. Прокурор унга 11 йил қамоқ жазосини сўраган. «Газета.uz» давлат айбловчиси ва адвокатнинг Отабек Сатторийга нисбатан ишда билдирган позициялари ҳақида ҳикоя қилган.

Апелляция инстанцияси ва Олий суд ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши собиқ раҳбари Комил Алламжонов (ҳозирда Президент администрацияси ахборот сиёсати бўлими мудири) ушбу иш фонида «чўчиб қолган блогер ёки журналист анонимга айланиб кетиши мумкин», — деб пост қолдирган.

«Ўзимизнинг журналистларни қўллаш, ҳимоя қилиш ўрнига оғзини очолмайдиган даражада қўрқитиб қўйсак, уларнинг ўрнини бошқалар — ташқаридан туриб фитна чиқарадиганлар эгаллаши аниқ!» — деган у.

Умумий тартибли колония ва манзил колония ўртасидаги фарқлар

Жазони ижро этиш колониялари манзил колониялар, умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларга бўлинади ва уларга вояга етган маҳкумлар жойлаштирилади.

Умумий тартибли колонияларда оғир ва ўта оғир жиноятлар учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган эркаклар сақланади. Манзил колонияларда эса ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган унча оғир бўлмаган жиноятлар учун, шунингдек, қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақланади.

Манзил колонияларда маҳкумлар:

  • соқчисиз, аммо назорат остида сақланади;
  • эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланади;
  • агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;
  • фуқаролар киядиган кийимда юради;
  • пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин;
  • ишдан бўш вақтда чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин;
  • ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширади.

Бундан ташқари, маҳкумлар чекланмаган миқдорда қисқа муддатли учрашувлар, йил мобайнида 24 марта узоқ муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга. Учрашувлар, қоида тариқасида, ишдан бўш вақтда берилади. Манзил-колония ҳудудида узоқ муддатли учрашув ўтказиш имконияти бўлмаса, учрашув маҳкумнинг аризасига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида, ушбу колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида ўтказилиши мумкин.

Маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайди. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки манзил-колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши мумкин. Бундай шахслар ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтиш учун ҳозир бўлишлари шарт. Манзил-колония маъмуриятининг вакили маҳкумлар яшаётган жойга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин.

Уларнинг ёзишмалари цензурадан ўтказилмайди. Улар 15 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга.