Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан 6,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган блогер Отабек Сатторийнинг иши тўғрисида ҳукм чиқарилди (суд жараёни видеоси Элмурод Муқимов томонидан жойлаштирилган).

Сатторий иши бўйича апелляция суди 29 июнь куни бошланганди. Судланувчининг адвокати Умидбек Давлатовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Баҳодир Алиқулов раислигидаги судьялар ҳайъати ўз қарори билан блогер бўйича ҳукмини ўзгартирмаган. Аммо судья блогерга Термизда сотиб олган икки хонадонини қайтариб бериш бўйича ҳукм чиқарган.

Адвокат Олий судга кассация шикоятини юборишини қўшимча қилди.

Май ойида сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди. У ЖКнинг иккита моддаси бўйича оқланди, бироқ туҳмат ва товламачилик моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд унга 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг адвокати эса апелляция шикоятини беришини маълум қилди.

Январь ойида ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир кишини мажбуран машинага ўтирғизиб, олиб кетгани акс этган видеоёзув тарқалди. Кейинчалик, 29 январь куни Сурхондарё вилояти Термиз ИИБ ходимлари блогер Отабек Сатторийни ҳибсга олишгани маълум бўлди. Унга дастлаб Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан айбловлар қўйилди, аммо эртаси куни эрталаб иш тўсатдан 165-модданинг 2-қисмига ўзгартирилди.

Сатторийнинг адвокати бу иш уйдирма эканлигини таъкидлаган. Депутат Расул Кушербаев, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (АҚШ) ва бошқалар вазиятга муносабат билдиришган.

ИИВ сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг жиноий иши бўйича терговга аралашганлик учун жавобгарлик тўғрисида «ижтимоий тармоқ фаолларини» огоҳлантирган эди.