Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шохрух Ғиёсов Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида яшовчи, блогер Отабек Сатторийга нисбатан очилган жиноий иш атрофидаги мунозаралар ҳақида муносабат билдирди.

«Газета.uz» Сурхондарё ҳокимиятини танқид қилган Отабек Сатторий телефонни товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини, бунинг учун у 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигини ёзган. Сатторийнинг адвокати бу иш уйдирма деб даъво қилмоқда.

ИИВ матбуот котибининг таъкидлашича, ушбу жиноят иши юзасидан расмий ахборот берилганига қарамасдан, мамлакатдаги ва хорижий ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан турли миш-мишларни тарқатиш, давлат идораларининг ваколатлари ва ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масаланинг моҳиятини тушунмасдан туриб оммани чалғитиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари такрорланиб келинмоқда.

Шохрух Ғиёсов «Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонунга мувофиқ жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, у «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонун билан тергов органларининг материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш қатъиян тақиқланганини эслатиб ўтди.

«Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор-бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш — тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради», — дейилади хабарда.

ИИВ вакили Тергов ва суд органлари ўзининг ваколат доирасидаги фаолиятини, жумладан муҳокама этилаётган ҳолат юзасидан, айбсизлик презумпциясига тўла риоя этган ҳолда ҳамда жамоатчилик олдидаги мажбуриятидан келиб чиқиб олиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ, депутат Расул Кушербаев ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси вазиятга муносабат билдиришган эди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов суд жараёнида Отабек Саторийга нисбатан товламачиликда айбдорлиги исботланган бўлса, унга нисбатан жазо қонун билан белгиланиши кераклигини ва қонунни бузишга на журналист, на блогер ҳақли эканлигини таъкидлади.


Шу билан бирга, Алламжонов бир неча саволлар билан мурожаат қилди:

«Лекин нима учун энг хавфли жиноятчидек унинг уйида тинтув ўтказилди, нима учун у кўплаб одамлар билан олиб кетилди, нима учун суд ёпиқ бўляпти? Барча товламачиликда гумон қилинган фуқароларга шунақа муносабат қилинадими? Ёки блогер бўлгани учун шундай алоҳида „ҳурмат-эҳтиромми“? Бу нормал ҳолатми? Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ бериши шарт. Методлар қачон ўзгаради? Босиб олиб кетмай, идорага қонуний чақирув қоғози билан чақирилса, келмас эдими? Эҳтиёт чораси сифатида нима учун энг оғири, қамоқ танланди? Қонун ҳамма учун баробар экан, орган ходимлари ҳам ошириб юборишмасин. Бизнинг жамоат фондимиз бундай ҳатти-ҳаракатни кескин қоралайди. Бош прокуратурадан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришларини сўраймиз», — деди у.

Фонд раиси Бош прокуратурадан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини сўради.

«Албатта, бизнинг ҳамкасбларимиз орасида ҳам бошқа соҳалар каби қонунбузарлари бор. Вилоят, шаҳарларда ўзини блогерман деб, турли товламачилик йўллари билан кун кўраётганлар йўқ эмас. Лекин аксарият халқ дарди билан яшайдиган журналист ва блогерлар билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар максимум очиқ-ошкора, шаффоф бўлиши керак», — дея қўшимча қилди у.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (штаб-квартираси Нью-Йоркда жойлашган халқаро нодавлат ташкилот) мурожаат билан чиқди ва Ўзбекистон расмийларидан Отабек Саторийни зудлик билан озод этилишини, унга қўйилган барча айбловларни бекор қилишни ҳамда унга эркин ишлаш имкониятини беришни талаб қилди.