4 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий иши бўйича суднинг сўнгги муҳокамаси бўлиб ўтди. Суд муҳокамасида прокурор 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Прокурор бунгача судланувчига қўйилган 8 та айбловдан учтасини рад этиб, бештаси бўйича уни айбдор деб топишни сўради.

Судья ва прокурор. Фото: Timur Ahmedov / YouTube.

Биринчи айблов. Прокурорнинг фикрига кўра, Отабек Сатторий Термизда уй-жой қуриш билан шуғулланган «Термиз эко Экспресс лойиха» МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатовга босим ўтказиб, қурилишдаги нуқсонлари бўлган биноларнинг видеосини эълон қилиш билан қўрқитган ҳолда, товламачилик йўли билан ундан қиймати 784 млн сўмдан ортиқ бўлган иккита квартирани олган. Шу билан, у тадбиркорга 549 млн сўм миқдорида зарар етказгани айтилмоқда. Таъкидланишича, блоггер Термиздаги онаси ва синглиси номида бўлган ва бузиб ташланган уйлар учун 234 млн сўм ёки унинг қийматига тенг бўлган мол-мулк олиши керак бўлган.

Адвокат Умидбек Давлатов ўз нутқида («Газета.uz» да бор) ушбу айблов тасдиқланмаганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар квартираларнинг нархи ва ҳужжатда кўрсатилган миқдорлар тўғри ҳисобланса, етказилган зарар миқдори 549 млн сўм эмас, 304 млн сўмни ташкил қилади, ва бу «тергов ва жабрланувчининг шошқалоқлиги»ни англатади.

Ҳимоячи Отабек Сатторийнинг оиласи яшаган уй шаҳар ҳокимининг қарори билан 2018 йилда бузилганлигини, аммо яқин вақтгача товон пули тўланмаганлиги ва шу вақт ичида уй-жойларни баҳолаш даражаси ошиши мумкинлигини эслатиб ўтди. Унинг фикрига кўра, ҳоким блогерга 2020 йилда қиммат нархдаги уйни бериш билан қарзини тўлашга уринган. Умидбек Давлатовнинг таъкидлашича, Отабек Сатторий ҳоким билан шахсан боғланмаган ва ўз муаммоларини президент портали орқали ҳал қилишга ҳаракат қилган.

Натижада 2018 йил октябрь ойида Термиз шаҳри ҳокими, қурилиш компанияси ва Отабек Сатторий ўртасида иккита квартира ажратиш ва маблағларнинг бир қисмини ҳокимият томонидан тўланиши тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган.

Иккинчи айблов. Интернетда Денов тумани ФҲДЁ собиқ раҳбари Насиба Норбоеванинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ва ҳақоратли сўзлардан иборат видеони тарқатиш. Хабар берилишича, Отабек Саторий ўз видеосида уни «порахўр» деб атаган ва «2,5 млн сўм ва 2 кг хандон писта талаб қилган"ини айтган. Прокурорнинг сўзларига кўра, тергов жараёнида пора олганлик бўйича айблов ўз исботини топмаган.

Адвокат Умидбек Давлатовнинг таъкидлашича, ушбу айбловда баён қилинган ҳолатлар ҳеч қандай тарзда исботланмаган. У жиноят иши 2021 йил 30 январда Насиба Норбоеванинг даъвоси билан эмас, балки Л.Тўраевнинг даъвоси билан очилганини таъкидлади.

Ҳимоячининг қайд этишича, Насиба Норбоеванинг 2,5 млн сўм ва 2 кг хандон писта сўраганлиги тўғрисида далил (аудиоёзув) мавжуд. Унинг сўзларига кўра, агар керак бўлса, бу ёзувдаги овоз унга тегишли эканлигини тасдиқлаш учун экспертиза тайинланиб, буни исботлаш мумкин. Унинг фикрича, Насиба Норбоева атайлаб ёлғон кўрсатма берган, баъзан эса кўрсатма беришдан бош тортган, шунинг учун унга нисбатан Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) ва 240-моддаси (жиноят процесси иштирокчиларининг ўз вазифаларини бажаришдан қочиши) бўйича жиноий иш қўзғатишни сўраган.

Отабек Сатторий. Фото: Timur Ahmedov / YouTube.

Учинчи айблов. Қайд этилишича, блогер газ баллонлари тарқатилиши бўйича видео ва жавобгарликка тортилиши ёки раҳбарнинг ишдан бўшатилишига олиб келиши мумкин бўлган бошқа салбий ҳолатлар бўйича маълумотларни интернетга жойлаштириш билан «Худудгазтаъминот» АЖ Сурхондарё вилоят филиали директори ўринбосари в.б. Ўткир Турдиевга таҳдид қилиб, ундан 10 минг доллар талаб қилган. Ўткир Турдиев керакли миқдорни тўлай олмаганлиги сабабли, Отабек Саторий Facebook’даги ўзи администратор ҳисобланган турли хил гуруҳларда газ баллонлари тарқатилиши ҳақидаги видеоларни мунтазам равишда жойлаштира бошлаган.

Адвокат ушбу айбловни «мутлақо асоссиз ва мантиқсиз» деб атади, ва бу тергов пайтида ҳам, суд жараёнида ҳам бирон бир далил билан тасдиқланмагани айтди. Унинг сўзларига кўра, Отабек Саторий видеони тармоққа жойлаштирган, аммо 165-модда (товламачилик) билан жиноят содир этганликда айбланиш учун блоггер бировнинг мол-мулкини ёки бировнинг мулкига бўлган ҳуқуқни талаб қилиши, жабрланувчига ёки унга яқин бўлган шахсларга нисбатан зўравонлик, мол-мулкка зарар етказиш ёки йўқ қилиш, улар сир сақлашни хоҳлаган маълумотни ошкор қилиш ёки жабрланувчини мол-мулкини беришга мажбурлайдиган муҳит яратиш ёки шунга ўхшаш таҳдид остида мулк ҳаракатларини содир этиши керак бўлган. Аммо бундай ҳолатлар бўлмаган, деди Умидбек Давлатов.

Тўртинчи айблов. Шеробод туманидаги «Чинор Гул Барака» деҳқон бозори раҳбари Лочин Тўраевга нисбатан товламачилик. Қайд этилишича, Отабек Сатторий ўз мобил телефонига бозордаги камчиликларни видеога олиб, сўнгра бозор раҳбарига қўнғироқ қилиб, у бозорни суратга олиш пайтида синган Redmi 5+ ўрнига унга 5 млн сўмлик янги Vivo Х50 телефонини сотиб олиб беришни талаб қилган. Агар унинг талаби бажарилмаса, видеони ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан таҳдид қилган. Блогер уй яқинида Vivo Х50 телефонини олаётганда ҳибсга олинган.

Адвокат бу айбловни «уйдирма ва ёлғон» деб атади. Унинг таъкидлашича, даъвогар унинг «Отабек Сатторий сизнинг қайси сирингизни ошкор қилди ёки суратга олиб, уни тарқатиш билан таҳдиди остида сиздан телефон талаб қилди?» деган саволига аниқ жавоб бера олмаган. Умидбек Давлатов блогер пул ундирмаганлигини, унинг бундай мотивлари ёки мақсадлари бўлмаганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, уяли алоқа компанияларидан олинган маълумотларга кўра, Отабек Сатторий ва Лочин Тўраев ўртасида ҳеч қандай қўнғироқ амалга оширилмаган.

Ҳимоячининг таъкидлашича, бозорни видеога олиш пайтида унинг телефони олиб қўйилган ва шундан сўнг телефонга зарар етказилган.

Умидбек Давлатов (чапда). Фото: Timur Ahmedov / YouTube.

Бешинчи айблов. Яна бир айбловга Республика онкология ва радиология маркази филиалининг кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан боғлиқ. Прокурорнинг сўзларига кўра, блогер Мастона Аҳмедова билан келишмовчиликларга дуч келган шифокор Сахобат Равшановадан интервью олган ва «кадрлар бўлими бошлиғининг обрўсига путур етказувчи туҳмат сўзларини ўз ичига олган билан видеони интернетга жойлаштирган». Видео «Термиз шахридаги Онкология диспансери отдел кадрининг коррупцион ўйинларини шифокор фош қилди» деб номланади.

Адвокат ушбу айблов ҳам суд мажлисида ҳеч қандай исботини топмаганини ва аслида Отабек Сатторийга туҳмат қилинганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Мастона Аҳмедова Отабек Сатторийнинг қайси сўзлари туҳмат деган саволга жавоб беролмади.

Умидбек Давлатовнинг таъкидлашича, онкология маркази ходимларининг интервьюларини тарқатишдан олдин Отабек Сатторий улардан баёнотлар олган ҳамда уларни видеога олиб ва уларнинг фикрларини ижтимоий тармоқларда эълон қилган, бу эса бу «умуман жиноят ҳисобланмайди». У интервьюда айтилган ҳолатларни тасдиқловчи барча ҳужжатлар тақдим этилишини таъкидлади.

Прокурор блогерни 165-модданинг 3-қисмининг «а» банди (жуда катта миқдордаги товламачилик) ва 139-модданинг учинчи қисмининг «а» ва «г» бандларида (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб ҳамда ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) айбдор деб топилишини сўради. Биринчи модда учун у судьядан 10 йил озодликдан маҳрум қилишни, иккинчиси учун 2 йил озодликни чеклашни сўради. Ҳукмларни қўшиб, прокурор судланувчини 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Бундан ташқари, прокурор 2020 йил июнь ойида Отабек Сатторий ва тадбиркор Тулкин Шопўлатов ўртасида тузилган 2 хонали ва яна битта 3 хонали квартирани блогерга бериш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш ва квартирани тадбиркорга қайтариш зарурлигини таъкидлади.

Адвокат Умидбек Давлатов суддан мижозини оқлашни ва зудлик билан қамоқдан озод қилишни сўради.

29 январь куни Сурхондарё вилояти Термиз ИИБ ходимлари блогер Отабек Сатторийни ҳибсга олишди. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир кишини мажбуран машинага ўтирғизиб, олиб кетгани акс этган видеоёзув тарқалди. Дастлаб, жиноий иш 165-модданинг 1-қисми (товламачилик) билан қўзғатилган, сўнгра ушбу модданинг 2-қисмига қайта малакаланган.

Блогернинг адвокати иш уйдирилганлигини таъкидлаган эди. Вазиятга депутат Расул Кушербаев ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раҳбари Комил Алламжонов, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (АҚШ) ва бошқалар эътибор қаратди. Бунга жавобан Ички ишлар вазирлиги жиноят иши терговига аралашиш учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирди.