Yandex Go хизмати ҳамкорлар учун комиссияни 13 фоиздан 14,6 фоизга оширди. Бу ҳақда 5 декабрь куни иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Telegram каналида ёзди. Yandex Go вакиллари бу маълумотни «Газета.uz»га тасдиқлади.

Канал муаллифи, бу бир томонлама, огоҳлантиришсиз амалга оширилганини таъкидлади.

Yandex Go 1 декабрдан бошлаб хизмат Ўзбекистоннинг Yandex Go UB компанияси томонидан тақдим этила бошлаганини эслатиб ўтди. «Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш билан хизмат нархига мамлакат бюджетига тўланадиган ҚҚС қўшилди», — деди «Газета.uz»га Yandex Go.

Компаниянинг қайд этишича, Тошкентда комиссия 1,6 фоизга, бошқа шаҳарларда эса 1 фоизга ошган. Хизмат вакилларининг таъкидлашича, Тошкентда бу икки йил ичида комиссия таркибидаги биринчи ўзгариш бўлса, бошқа шаҳарларда эса улар ишга тушганидан бери биринчи марта амалга оширилмоқда.

Отабек Бакиров ҳам ўз нашрларида Yandex Go ҳамкор таксопарклари ўз комиссияларини 4−5 фоиздан 5−6 фоизга оширганини ҳам қайд этган. Компанияларнинг номлари кўрсатилмаган.

«Келиб чиқадики, 1-декабрдан кейин ҳайдовчи таксистларнинг кўрсатилган хизмат учун оладиган улуши 2,6 фоиз бандигача қисқарган», — деб ёзади блог муаллифи. «Демак, Yandex Go ва унинг айрим ҳамкорлари Ўзбекистонда тўламоқчи бўлаётган солиқларининг юкини ҳайдовчиларнинг бўйнига юклаган, қўйган. Яъни, ҳайдовчиларнинг нонини туя қилиш давом этади. Жамоатчилик Yandex Go [Ўзбекистонга] солиқ тўласин деган талабни қўйганда шундай кўзбўямачиликни сўраганмиди?».

Хизмат вакилларининг таъкидлашича, баъзи ҳамкорлар, аксинча, комиссияни камайтирган, чунки аввал таксопарклар норезидент (Нидерландиянинг Ridetech International B.V. назарда тутилмоқда) билан ишлаш учун ҚҚС тўлаган, энди эса улар буни қилиши керак эмас.

«Газета.uz» Yandex Go ҳамкорлари орасидан бир нечта таксопаркларга мурожаат қилди. TIFA ўз комиссиясини 4,5 фоиздан 4 фоизга туширганини айтди. Grand Taxi 4,5 фоиз комиссиясини ўзгартирмагани, аммо келажакда уни камайтиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди.

Таксопарк раҳбари И. (компания номини кўрсатмасликни истади) унинг компанияси ҳайдовчилар учун комиссияни 3−5% дан 1−4% гача пасайтирганини айтди. Шу билан бирга, у «баъзи такси компаниялари имкониятдан фойдаланган ҳолда комиссия миқдорини оширишини», — таъкидлади.

Бошқа бир такси компанияси раҳбари К. «Газета.uz» билан суҳбатда шундай таъкидлади: «Фойда ставкаларини пасайтирувчи рақобатчилар борлигини ҳисобга олсак, комиссияни ошириш мақсадимиз йўқ. Шунинг учун биз комиссияни 4,5 фоиздан 3 фоизга камайтиришга қарор қилдик». У буни компания норезидент билан ишлаш учун энди ҚҚС тўлаши шарт эмаслиги билан боғлади.

Spot томонидан сўровда қатнашган такси компанияларидан бири RichTaxi комиссияси 1 фоизга камайганини маълум қилган, Cheap Taxi ва Index taxi комиссия миқдори ўзгаришсиз қолганини, бироқ улар ҳисобот даври тугаганидан кейин янги тарифларни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилган.

Отабек Бакиров, шунингдек, ўз каналида Yandex Go «Стандарт» тарифини ёпганини маълум қилди. Унинг маълумотларига кўра, энг кўп автомобиллар, жумладан, Spark, Nexia-1, Nexia-2 ва бошқа эски седан моделлари уланганини таъкидлади. Шу билан бирга, муаллифнинг фикрича, «Старт» тарифининг базавий нархлари «Стандарт» даражасига кўтарилган. «Амалда яширин нарх оширилиши воситаси қўлланилган бўлиши мумкин», — деди Бакиров.

Yandex Go такси хизмати тарифларини ўзгартириб, оммавий бўлмаган «Стандарт» тарифини олиб ташлагани ва «Старт» тарифини қайта кўриб чиққани ҳақида хабар берди.

«Биз Тошкентдаги тариф тизимини бутун Ўзбекистон бўйлаб тариф тизими билан бирлаштириб, ўзгартирдик. Эслатиб ўтамиз, «Старт» энг мақбул тариф бўлиб, «Стандарт»да ташувлар нархи бироз юқорироқ эди. 5-декабрдан бошлаб «Стандарт» тарифи тўхтатилди, бу ҳақда ҳамкорлар ва уларнинг ҳайдовчилари олдиндан огоҳлантирилди. «Старт» тарифи ҳайдовчилар даромади ва йўловчилар учун ташув нархини одатдаги даражада ушлаб туриш мақсадида қайта кўриб чиқилди. Эслатиб ўтамиз, «Старт» авваллари йўловчилар ва ҳайдовчилар учун бюджет тоифасидаги асосий тариф бўлган», — деди хизмат вакиллари.

Бакировнинг сўзларига кўра, мавжуд вазият Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг иштирокини тақозо этмоқда. Унинг фикрича, Yandex Go’га такси агрегатор бозорида доминант компания мақомини бериш керак.

Spot хабарига кўра, департамент такси бозоридаги вазиятга аралашмоқчи ва қўмита тез орада расмий позициясини билдиришни режалаштирмоқда.