S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг хорижий валютадаги суверен кредит рейтингини барқарор прогноз билан «ВВ-» даражасида тасдиқлади, дейилади агентлик матбуот хизмати хабарида.

Миллий валютада рейтинг «B» даражасида тасдиқланди.

«Барқарор прогноз бизнинг қуйидаги кутилмаларимизни акс эттиради: Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи захиралар бўйича нисбатан мустаҳкам ўрни, шунингдек, паст фоиз юки мамлакат иқтисодиётига Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг мумкин бўлган салбий макроиқтисодий оқибатларига қарши туришга ёрдам беради», — дея тушунтирган агентлик.

Агентлик 2023 йил якуни бўйича Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиши 5,6 фоиз, иш ҳақи ва ижтимоий харажатларнинг ошиши ҳисобига бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.

S&P, шунингдек, 2022 йилги энг юқори кўрсаткичдан тушган ҳажмларга қарамай, Россия мамлакатга пул ўтказмаларининг энг йирик манбаи бўлиб қолаётганини таъкидлаган.

Агентликка кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан Россия билан бизнес юритувчи ўзбек компанияларига нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланилиши хавфи нисбатан пастлигича қолмоқда.