Венесуэла замонавий тарихда барча музликларини йўқотган илк давлатлардан бирига айланди, деб ёзмоқда Guardian ва BBC. Олимлар Ҳамбольд музлигини — мамлакатдаги охирги музликни — кутилганидан тезроқ эриши оқибатида қайта таснифлашига тўғри келди.

Илгари Венесуэлада денгиз сатҳидан тахминан 5000 метр баландликда жойлашган Сьерра-Невада-де-Мерида тоғ тизмасида олтита музлик бор эди. 2011 йилга келиб, бешта музлик эриб битди ва фақат Ла Корона деб номланувчи Ҳамбольд музлиги қолганди.

Олимлар Ҳамбольд музлиги камида яна ўн йил мавжуд бўлишини кутганди, аммо ҳисоблашлар шуни кўрсатдики, у тезроқ эримоқда ва 2 гектардан камроқ майдонга қисқарган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида, музликни сақлаб қолиш учун сўнгги уринишда, Венесуэла ҳукумати музликнинг қолган қисми устига эришнинг олдини олиш мақсадида термал қопламани ўрнатганди. Ушбу ҳаракат иқлимшуносларнинг танқидига сабаб бўлди, улар қоплама парчаланиши билан атроф-муҳит пластик зарралар таъсирида ифлосланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Guardian нашрининг таъкидлашича, Венесуэла музликлари минтақани сув билан таъминлашда унча катта бўлмаган ролни ўйнаган, аммо Перу каби бошқа мамлакатларда улар аҳолини тоза сув билан таъминлайди.

Глобал исиш туфайли музликлар сўнгги бир неча ўнйилликларда тез суръатларда эриб бормоқда. 2021 йилда нашр этилган тадқиқот шуни кўрсатдики, сўнгги йигирма йил ичида музликлар ҳар йили тахминан 267 гигатон музни йўқотган ва бу кўрсаткич ўсиб бормоқда.