Мексика чегараси орқали Америка Қўшма Штатларига киришга уринаётган Ўзбекистон фуқароларини чиқариб юбориш сиёсатига шошилинч ўзгартиришлар киритилди, дея хабар бермоқда мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг билдиришича, эндиликда Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний кираётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШга қўйиб юборилмайди (ҳозиргача чегарани ноқонуний кесиб ўтган фуқаролар миграцион мақом олиш бўйича суд бўлиб ўтгунга қадар мамлакат ичкарисига қўйиб юборилиши мумкин эди — таҳр). Бунинг ўрнига улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунга қадар ҳибсда сақланади.

«АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган фуқароларни чиқариб юбориш масаласи бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Чиқариб юбориш тижорат авиакомпаниялари ҳамда Иммиграция ва божхона назорати билан тузилган чартер рейслари орқали амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Элчихона Мексика чегараси орқали ноқонуний миграция хавфли ва қимматлигини қайд этиб, контрабандачиларнинг ёлғон ваъдаларига учмасликни сўради. Мамлакатга саёҳат қилиш учун хавфсиз ва қонуний воситалардан фойдаланишни маслаҳат берди.

Қайд этилишича, чегарани ноқонуний кесиб ўтган шахслар мамлакатга камида беш йил ичида қонуний равишда қайта киришлари тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берадиган оила аъзолари ҳам виза олишдан бутунлай маҳрум этилиши мумкин.

«Мамлакат хавфсиз, тартибли ва инсонпарвар миграция жараёнларини ривожлантириш мақсадида чет эллик ҳамкорлар билан фаолият олиб боради ҳамда Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган барча ноқонуний кирувчилар ва фуқаролиги бўлмаганларни иммиграция қонунчилиги (Title 8) ваколати остида тезда мамлакатдан чиқариб юборади», — дейилади элчихона хабарида.

Август охирида CNN телеканали ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган контрабандачи ўзбекистонлик бир гуруҳ муҳожирларга Мексика орқали АҚШга киришга ёрдам бергани ҳақида хабар берганди.

Ушбу воқеадан кейин АҚШ президенти администрацияси Европа Иттифоқидан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан транзит визаларини талаб қилишни сўраган.

Аввалроқ Fox News 2021 йилдан 2023 йилгача АҚШ ҳукумати томонидан «алоҳида қизиқиш уйғотувчи шахслар» сифатида таснифланган ўн минглаб муҳожирлар Мексика орқали АҚШга ноқонуний киришга ҳаракат қилишганини билдирганди. Қўлга олинганларнинг 13 мингдан ортиғи Ўзбекистон фуқаролари бўлган.