2021 йилнинг октябридан 2023 йилнинг октябрига қадар АҚШда чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган 13 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди, деб хабар берди Fox News АҚШ божхона ва чегарани ҳимоя қилиш хизматининг ички маълумотларига таяниб.

Атиги икки йил ичида АҚШга Мексика орқали, Fox News маълумотларига кўра, ўн минглаб фуқаролар ноқонуний киришга ҳаракат қилган бўлиб, мамлакат ҳукумати уларни «алоҳида қизиқиш уйғотувчи шахслар (special interest aliens) тоифасига киритган. Бундай шахслар терроризм билан алоқадор ёки алоқаси бўлиши эҳтимоли бор йўналишлар орқали мамлакатга кириб келгани сабабли АҚШ хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрилади.

Улар орасида:

  • 30 830 нафар Туркия фуқаролари
  • 15 594 нафар Мавритания фуқаролари
  • 13624 нафар Ўзбекистон фуқаролари
  • 6386 нафар Афғонистон фуқаролари
  • 3153 нафар Миср фуқаролари
  • 1613 нафар Покистон фуқаролари.

Чегарада қўлга олинганлар орасида Эрон (659), Сурия (538), Иордания (185), Ливан (164), Яман (139) ва Ироқ (123) фуқаролари ҳам бор.

Ҳибсга олинганларнинг қанчаси АҚШдан чиқариб юборилгани ёки иммиграция бўйича суд муҳокамаси санаси белгиланганидан кейин мамлакатга рухсат берилгани номаълум, дея таъкидлайди телеканал.

Манбаларнинг Fox News`га айтишича, Чегара хизмати алоҳида эътиборни тортадиган шахслардан «жуда хавотирда», чунки ҳукуматда уларнинг жиноят тарихини текширишнинг «деярли имконият йўқ», зеро уларнинг фуқаролиги бўлган мамлакатлар маълумотларни АҚШ билан баҳам кўрмайди.

СNN аввалроқ Федерал қидирув бюроси Америка ҳукумати ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган шахс ёрдамида Мексика орқали АҚШга кирган ўнлаб ўзбекистонлик муҳожирларни қандай текширишни бошлагани ҳақида хабар берган эди.