Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган шахс ёрдамида Мексика орқали АҚШга кирган ўндан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирлар ишини ўрганмоқда, деб хабар берди CNN.

Жорий йилнинг бошида бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожирлар АҚШ жанубий чегарасида бошпана сўраб мурожаат қилган, дейилади CNN маълумотида. Ички хавфсизлик вазирлиги текширувида бирон-бир хавотирли маълумот аниқланмаган, шунинг учун улар иммиграция суди йиғилишидан олдин қўйиб юборилган.

ФҚБ чет эл фуқароларининг АҚШга киришига ёрдам берган контрабандачилар тармоғи мавжудлигини кейинроқ пайқаган, дейилади материалда. Бу тармоқда эса ИШИД билан алоқадорликда гумон қилинган камида бир киши бўлган.

«Ҳозирча кимнидир ҳибсга олишни талаб қилувчи ҳеч қандай далил бўлмаса-да, эпизод шу қадар хавотирли эдики, президент Жо Байден кабинетининг юқори лавозимли мулозимларига шошилинч махфий разведка ҳисоботи юборилди. Бу АҚШнинг террорчилар жанубий чегара орқали мамлакатга кириб, бошпана сўраган муҳожирлар оқими орасида яширинча кира олишида „ниҳоятда заиф“ эканини кўрсатади», — деб ёзади CNN.

ФҚБ контрабандачи ҳақида маълумотга эга бўлгач, бутун мамлакат бўйлаб бюро агентлари «мигрантларни қидиришга ва уларнинг келиб чиқишини аниқлашга шошилди», — дейди CNN. Федерал қидирув бюроси Туркия расмийлари билан ҳам боғланган, улар эркак ва бу тармоқнинг бошқа аъзоларини ҳибсга олган.

АҚШ расмийларига кўра, АҚШ разведка идоралари контрабандачини террорчи гуруҳ аъзоси эмас, балки ташкилотга шахсий хайрихоҳлиги бўлган «мустақил пудратчи» бўлган деб ҳисобламоқда. Разведка ходимлари унинг ИШИД кўрсатмаси билан муҳожирларга ёрдам берганини «эҳтимолдан йироқ» деб топди. «Уларнинг кўпчилиги АҚШга яхшироқ ҳаёт илинжида келади, деб ҳисобланади», — дейилади материалда.

Туркиянинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котибининг CNN телеканалига айтишича, турк разведка идоралари контрабанда гуруҳининг тўрт нафар аъзосини қўлга олган. Улар Туркияда яшовчи Ўзбекистон, Россия ва Грузия фуқароларининг АҚШга киришига ёрдам берган.

ФҚБ ушбу тармоқ орқали АҚШга кирган барча муҳожирларни ҳали аниқлаб бўлганича йўқ ва камида 15 нафар Ўзбекистондан келган муҳожирни қидириб топишга ҳаракат қилмоқда. Ўшанда жами 120 га яқин ўзбекистонлик чегарани кесиб ўтган, деб хабар беради Reuters. Бюро уларни «потенциал жиноий таҳдидлар» манбалари сифатида кўради, деб таъкидлайди CNN.

CNN билан гаплашган айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари ва разведка ходимлари «[АҚШда] қочқинларнинг асосий манбаи бўлмаган минтақа — Марказий Осиёдан келган муҳожирлар сонининг ғайриоддий кўпайиши АҚШ чегара хизматлари томонидан қўшимча текширувларга сабаб бўлмаганидан» хавотир билдирди.

2022 молия йилида АҚШ божхона ва чегара қўриқлаш хизмати чегарада 3200 га яқин Ўзбекистон фуқаросини аниқлаган. 2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг июлига қадар АҚШ-Мексика чегарасини кесиб ўтган 2 миллионга яқин муҳожирдан 216 нафари терроризмга алоқадорлиги борлиги учун АҚШ кузатув рўйхатига киритилган.