Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев сув масаласига ҳам тўхталди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент йиғилишда яқин йигирма йилда Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоиз камайиши кутилаётганини таъкидлади. Сув тежовчи технологиялар кенгайтирилаётгани, лекин бу етарли эмаслигини қайд этди.

«„Сув текин эмас“, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим», — деди президент.

Вилоятда 80 фоиз ерлар насос орқали суғорилади. Бироқ 52 та насоснинг хизмат муддати 40 йилдан ошган. Оқибатда сув таннархи 2 баробар қимматга тушаётгани, йилига 20 миллион киловатт соат электр беҳуда сарфланаётгани, яна 20 минг гектарда сув таъминоти ёмонлашгани кўрсатилди.

Шунингдек, 1 минг 700 километр суғориш тармоғининг ярми тупроқ ўзанли бўлгани учун 35 фоиз сув йўқотиляпти. Шу боис давлат раҳбари мутасаддиларга 47 та канални бетонлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш, сув йўқотилиши кўп бўлган 6 та канални таъмирлаш вазифасини қўйди.

Бундан ташқари, 2024 йилда «Шеробод магистрал» каналини таъмирлашга 60 миллион доллар жалб этиб, 90 минг гектар ерларни тиклаш бўйича топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, икки йил давомида Ўзбекистонда давлат бюджетидан сув хўжалигига қарийб 2 млрд доллар ($2,54 млрд давлат қарзини ҳисобга олмаганда) ажратилган, аммо бу вақт ичида сув исрофи ва насосларнинг ҳолати яхшиланмаган. Соҳага 2024 йилда яна 1,7 трлн сўм ва 300 млн долларлик кредит ажратиш режалаштирилган.

Мамлакатда қишлоқ хўжалигида йил давомида 39 млрд куб метр сув истеъмол қилинган. Шундан 36 фоизи ёки 14 млрд куб метри тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолган. Яна 5−6 млрд куб метр сув суғоришнинг эскирган усуллари туфайли йўқотилмоқда.

Бугунги кунда 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 7 миллиард киловатт соат электр сарфланади. Лекин 80 фоиз насослар 35−40 йилдан бери ишлатилиб, ўз ресурсини ўтаб бўлган.

2020 йилда ажратилган маблағларга қарамасдан, насосларнинг 60 фоиздан ортиғи хизмат муддати тугагани, сув йўқотишлари эса 35−40 фоизни ташкил этгани, яъни уч йил давомида насосларни модернизация қилиш ва йўқотишларни камайтириш ўрнига вазият янада оғирлашгани эътиборга молик.