Ўзбекистонда сўнгги икки йилда сув хўжалигига бюджетдан 22 триллион сўм (1,8 миллиард доллар), жумладан, сув тежовчи технологияларга қарийб 1 триллион (81 миллион доллар)га яқин субсидия ажратилган. Бу ҳақда 20 октябрь куни бўлиб ўтган президент йиғилишида маълум қилинди.

Давлат раҳбари келгуси йилларда суғориш каналларини бетонлаш, сув тежовчи технологиялар ўрнатиш ишларига ажратиладиган маблағ кўпайтириб борилишини таъкидлади. Хусусан, 2024 йилда марказлашган инвестиция ҳисобидан 1,7 триллион сўмлик ва халқаро молия ташкилотларидан 300 миллион долларлик сув инфратузилмаси лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган.

У, шунингдек, суғориш каналларини бетонлаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинишини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалигида «катта сакраш»га фақат илм орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди. Бу борада ер сифати, нав ва агротехнологияга замонавий илмий ютуқларни кенг татбиқ этиш орқали бир гектарда пахта ҳосилдорлигини 50 центнерга, ғаллада 100 центнерга етказиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалигига 2,54 миллиард доллар давлат қарзи йўналтирилган.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамроев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида суғориш тармоқларининг самарасиз ишлаши, ариқлар етарли даражада бетон қопламалар билан қопланмагани 40 фоизга яқин сув исроф бўлишига йўл қўйилаётганини таъкидлади.

«Албатта, [президент] 6−6,5 миллиард куб метрга яқин сув исроф қилинишига эътироз билдирди. Биз, албатта, бу танқидий фикрлардан хулоса чиқарамиз. Каналларни бетон қилишга алоҳида урғу берилди. Вилоят ҳокимлари ва барча сув хўжалиги тизимига 300 дан ортиқ ана шундай каналларни бетонлаштириш бўйича топшириқ берилди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 1,2 миллион гектар ерда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланилмоқда. Ҳар йили бу кўрсаткични 300−400 минг гектарга кенгайтириш ва 2030 йилгача сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишни 2 миллион гектарга етказиш режалаштирилган.

Шавкат Хамроев Австралиянинг Rubicon компанияси билан биргаликда Қашқадарё вилоятининг Касби ва Қамаши туманларида канал бошқаруви рақамлаштириш орқали йўлга қўйилганини таъкидлади. Ҳозирда 26 та манзил онлайн режимда ишламоқда, деди у.

«Биз бунинг кўламини кенгайтиришимиз керак. Бунинг учун Хитой ва бошқа ривожланган давлатлар, халқаро молия институтларидан инвестицияларни киритиб, соҳамизни тўлиқ рақамлаштиришни ўз зиммамизга олдик», — деди у.

«Умуман, бугунги йиғилишда берилган топшириқлар нақадар муҳимлигини кўриб турибмиз. Ҳурматли президентимизни, жонажон халқимизни ишонтириб айтамизки, сув хўжалиги тизимининг барча мутахассислари, ходимлари бор билими ва кучини шу вазифаларни бажаришга сафарбар қилади», — деди у.

Аввалроқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида йил давомида 39 млрд куб метр сув истеъмол қилингани хабар берилганди. Шундан 36 фоизи ёки 14 млрд куб метри тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолган, деди президент. Яна 5−6 млрд куб метр сув суғоришнинг эскирган усуллари туфайли йўқотилмоқда.

Бугунги кунда 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 7 миллиард киловатт соат электр сарфланади. Лекин 80 фоиз насослар 35−40 йилдан бери ишлатилиб, ўз ресурсини ўтаб бўлган. Эътиборлиси, 2020 йилда ажратилган маблағларга қарамасдан насосларнинг 60 фоиздан ортиғи хизмат муддати тугагани, сув йўқотишлари эса 35−40 фоизни ташкил этгани, яъни уч йил давомида насосларни модернизация қилиш ва йўқотишларни камайтириш ўрнига вазият янада оғирлашгани эътиборга молик.

Ўзбекистонда чучук сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичидан анча юқори.

2023 йил апрель ойида сув хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаров Ўзбекистонга сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа давлатлардан келиши, 20 фоизи мамлакатда ҳосил бўлишини қайд этганди. Таҳлилларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 млрд куб метр сув етишмайди. Вазирлик сувдан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидлаган.

Ўзбекистонда ичимлик суви тарифлари кўтарилиши, Қорақалпоғистонда шоли етиштириладиган майдонларнинг қисқариши, Қирғизистоннинг Қозоғистонга суғориш учун сув беришни тўхтатгани минтақада сув инқирози кучайиб бораётганидан далолат беради. «Газета.uz» ҳудудлардаги сув билан боғлиқ вазиятни ўрганганди.