Иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов Uzbekonomics подкастининг навбатдаги сонида тадбиркорлик соҳаси ҳақидаги афсона ва ҳақиқатларни муҳокама қилди. Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, ривожланаётган мамлакатларда ҳукуматлар муаммо тадбиркорлар камлигида деб ўйлайди, лекин энг катта муаммо бор корхоналарнинг жуда кичиклигида ҳисобланади.

Беҳзод Ҳошимов — ўзбекистонлик иқтисодчи ва жамоатчилик фаоли. «Иқтисодчи кундалиги» блоги, YouTube`даги «Hoshimov's Economics (Ҳошимов иқтисодиёти)» видеоблоги муаллифи. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбекча таржимасига муҳаррирлик қилган.

Дастлаб Ботир Қобилов Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти тарғиботи кенг эканини, «Ҳар бир оила тадбиркор бўлсин, ҳар бир маҳалла тадбиркор бўлсин, ёшларимиз тадбиркорларимиз бўлсин» каби лозунгли, тадбиркорликка умуман алоқаси бўлмаган инсонларни тадбиркорлик билан шуғулланишга тарғиб этиш дастурлари мавжудлигини қайд этди. Иқтисодчи бундай тарғибот фақат сўз билан эмас, молиялаштириш билан ҳам амалга оширилишини таъкидлади.

Кейин эса Ботир Қобилов Беҳзод Ҳошимовга тадбиркорликка бу соҳага алоқаси бўлмаган инсонларни жалб қилиш дастурлари қанчалик самарали ва тўғри ғоя, деган саволни берди.

«Ўзбекистон ва бошқа ривожланаётган мамлакатларда ҳукуматлар тадбиркорлар муваффақиятга эришса ва бойиб кетса, бутун халқни боқади, деб умид қилишади. Шу сабабли улар тадбиркорликни рағбатлантириш билан шуғулланишади. Бу назария қайсидир маънода тўғри, лекин охиригача тўғри эмас», — деди Беҳзод Ҳошимов саволга жавобан.

Унинг айтишича, кўп ҳукуматлар, айниқса, ривожланаётган дунё мамлакатлари ҳукуматлари муаммо тадбиркорлар камлигида деб ўйлайди.

«Дунёда энг кўп тадбиркорлик билан шуғулланадиган жамиятлар, масалан, Уганда, Миср, Иордания ҳисобланади. Уларда аҳолига нисбатан тадбиркорлар сони АҚШдагидан кўп. Уларда 35 фоиз одам тадбиркор, АҚШда бу кўрсаткич (тадбиркорлик сўзига қандай таъриф берилишига қараб) 4,5−6,5 фоизни ташкил этади. Лекин АҚШ Угандадан бойроқ. Ривожланаётган дунёда асосий муаммо қайсидир одам тадбиркорлик билан шуғулланиш ёки шуғулланмаслигида ёки уни тадбиркорликка ундашда эмас. Айнан тескариси: мавжуд корхоналар ниҳоятда кичкиналигида. Бизда битта фирмада ўртача 1 ёки 2 киши ишлайди. Катта фирмаларимизда эса ниҳоятда кам», — деди у.

Иқтисодчининг айтишича, киши бошига даромад билан энг яхши коррелацияланадиган график ўша мамлакатдаги медиан фирманинг ҳажми ҳисобланади. Бир мамлакат ривожланиб боряптими, у ерда ўртача фирма катталашиб боради. Мисол учун, Мексиканинг сўнгги 20−30 йилдаги иқтисодий муваффақиятининг асосий кўрсаткичларидан бири мамлакатдаги корхоналарнинг ҳажми ошиши саналади.

«Мексикада ҳам, АҚШда ҳам бир хил фоизда янги фирмалар пайдо бўлиши мумкин. Лекин АҚШ энг бой мамлакат экани сабабларидан бири бу АҚШдаги ўртача фирма кўпроқ яшаши ва тезроқ катта бўлиши ҳисобланади. Масалан, бир нафар ишчи билан пайдо бўлиб, ёпилгунгача шу битта ишчи билан ишламайди, ўсиб боради. Ўзбекистондек мамлакатда нима қилиш керак, дейилса, фирмаларнинг ҳажми ошиши керак. Тадбиркорларни субсидиялар ва давлат харажатлари орқали рағбатлантириш сиёсати эса бунинг тескарисини қилади. Яъни банкдаги бор молиявий ресурслар самарадорлиги энг паст инсонларга субсидиялар орқали арзонроққа тарқатилмоқда. Ресурслар энг керак бўлиб турган тадбиркорларга эса беришмаяпти», — деди Беҳзод Ҳошимов.

У, шунингдек, ҳам янги тадбиркорларга, ҳам мавжудларига пул бериш ҳақидаги фикрларга тўхталди.

«Бу мантиқий гап эмас, чунки ресурслар чекланган. Бундан ташқари, пулнинг берилиш шартлари ҳам ҳар хил. Янги тадбиркорларга анча осон шартларда пул бериш ниманинг ҳисобига молиялаштириляпти, деб кимдир сўраса, жавоби — ўша мавжуд, катта ёки ўртача ҳажмдаги тадбиркорлар оладиган кредитлари нархи қимматлашуви ҳисобига молиялаштириляпти», — деди Беҳзод Ҳошимов.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги тадбиркорларни рағбатлантириш сиёсати сонларга қаратилган, ваҳоланки, бу мавжуд тадбиркорлик субъектлари ҳажмини катталаштиришга қаратилиши керак. Бу ишчи ўринларини яратиш нуқтаи назаридан ҳам тўғри. Аксар янги ишчи ўринлари АҚШда ҳам, бошқа жойда ҳам тадбиркорлар томонидан яратилади. АҚШдаги энг кўп ишчи ўринларини ҳар йили катта фирмалар яратади. Amazon, Walmart каби корхонларда миллионлаб одам ишлайди. Яъни бутун АҚШ меҳнат бозорининг 0,5−1 фоизга яқини бир корхонада фаолият юритади. Бундай катта корхоналар дунёда деярли йўқ. Шундай нарса Ўзбекистонда ҳам бўлиши керак, кичик фирмалар ўртача, ўртача фирмалар катта ҳажмга етиб олиши керак.

«Мета хулосам шундан иборатки, Ўзбекистондек давлатлар тадбиркорлар сони билан ўзига нотўғри таргет қўймоқда. Мақсад Ўзбекистонда тадбиркорлар сонини кўпайтириш эмас, Ўзбекистонни бой қилиш бўлиши керак. Ўзбекистонни бой қилиш нима дегани? Албатта, мамлакатлар тадбиркорлар орқали бой бўлади. Лекин нюанс шундаки, мамлакатдаги барча одамлар тадбиркор бўлиб қолса, мамлакат бойиб қолмайди», — деди у.

Ботир Қобиловнинг «Ўзбекистонда фирмалар ўсишига рағбат йўқми ёки имконият?» деган саволига Беҳзод Ҳошимов қуйидагича жавоб берди:

«Менимча, иккови ҳам. Фақат Ўзбекистонда эмас, ҳамма ерда фирмаларнинг ўсиши — муаммоли масала. Фирмалар ўсиши масаласини ҳал қилган мамлакат қайсидир маънода ривожланади. Бу — иқтисодий ўсиш билан чамбарчас боғлиқ нарса».

Иқтисодчи энг камида ресурс тарқатиш жиҳатидан ким кўпроқ тўлашга рози бўлса, ресурсларни ўшанга бериш кераклигини айтди. Унинг фикрича, ёш тадбиркорларга ёки энди фаолият бошлаётган тадбиркорларга субсидия беришга ҳаракат қилинишининг сабаби ҳам улар ҳозирги бозор талабларида ресурс олишмаётганида.

«Дейлик, пулнинг нархи йилига 30 фоиз бўлса ва ёш тадбиркорларга уни 15 фоиздан беришаётган бўлишса, бунинг сабаби 30 фоиз улар учун қимматлик қилаётганида, улар бу нархда олишга тайёр эмас. Лекин 30 фоиз деган нарх мавжуд дегани, шу 30 фоиздан кимдир олаётганини англатади. Демак, биз ресурсни қимматроққа бериш ўрнига, арзонроққа беряпмиз», — деди у.

Ботир Қобиловнинг таъкидлашича, нарх шундай даражада шаклланишининг сабаби ҳам ресурслар арзонроққа берилаётгани бўлиши мумкин.

«Пулнинг нархи нимага баланд? Сиз 30 фоизга кредит олаётганингизнинг сабаби кимдир 15 фоиз, 10 фоиз ёки фоизсиз кредит ёки субсидия оляпти. Бунга кимдир тўлаши керак-ку», — дея таъкидлади Ботир Қобилов.

«Ким млн долларни самаралироқ ишлатади? Ким кўпроқ тўлашга рози бўлса ўша. Қарз олмоқчи бўлган корхона мавжуд мулкини гаровга қўйишга рози бўлади, ҳеч нарсаси йўқ бўлган корхонада эса бундай имконият йўқ. Бу фикрга нисбатан танқидий қараш ҳам бор. Ундай қиладиган бўлсак, барча кредитлар катта корхоналарга кетиб қолади ва бозорга бошқа тадбиркор кирмайди деган назария ҳам мавжуд. Лекин агар кичкина тадбиркорлар ўша нархда кредит олишга тайёр бўлмаса, демак, бозор бизни бундай кредит бериш керак ҳам эмас, деган хулосага олиб келяпти», — дея фикрини давом эттирди Беҳзод Ҳошимов.

«Балки ўша тадбиркорлар бошқа молиявий ресурсларни ишлатиши керакдир. Лекин бу муаммо мавжудлиги янги муаммони яратиш учун сабаб бўлолмайди. Ўзи пул нархи қимматлигига қисман субсидиялашган кредитлар сабаб [бўлади]. Лекин қисман реаллик ҳам мавжуд, Ўзбекистонда бизнес юритиш қийин ва қиммат. Бу сиёсий муҳит, ўйин қоидалари, судларнинг адолатига ишонч мавжуд эмаслиги каби омиллар билан боғлиқ. Қайсидир корхона Голландиядаги фаолият 10 фоиз фойда олиб келса, Ўзбекистондаги 30 фоиздан кам фойдага рози бўлмайди», — деди у.

Иқтисодчининг айтишича, Ўзбекистонда тадбиркорлар ўз пулларини чиқариб олиш горизонти кичкина. Бунга сабаб келажакка бўлган ишонч рисклари ҳисобланади.

«Яъни қайсидир мамлакатга 50 йиллик ишончингиз мавжуд бўлсагина, сиз у мамлакатнинг 50 йиллик қоғозларини сотиб оласиз. Баъзи мамлакатларда эса жуда ҳам қисқа муддатли қоғозларни сотиб оласиз. Шунинг учун ҳам ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бири инвесторларни имкон қадар узоқроқ горизонтда фикрлашга ундайдиган ҳаракатлар қилиш бўлиши керак. Яъни бир кун ичида кўп нарса ўзгариб кетмаслиги керак. Масалан, бугун бунга ер берилиб, эртага олиб қўйилмаслиги керак. Мавҳумлик қонунчилик жиҳатида, адолат томонла ёки макроиқтисодий сиёсатда бўлишидан қатъи назар, пулнинг нархини оширадиган нарса ҳисобланади. Бу рискларни оширади», — деди Беҳзод Ҳошимов.

У фикрига мисол сифатида хусусий университетлар билан кузатилаётган ҳолатни келтирди.

«Масалан, хусусий университетларга рухсат беришди. Балки кимдир хусусий университет қуриб, 50 йилда пулимни оламан деб ўйлагандир. Ҳозир лицензияларни олиб қўйишяпти, энди 5 йил ичида пулимни чиқариб олмасам бўлмайди дейишади, университетни ҳам яхшилай олмайди, контракт пулини оширади, инвестиция қилмайди, яхши профессорлар олиб келмайди», — деди иқтисодчи.

Беҳзод Ҳошимов шунинг учун ҳам савдо сиёсати бўладими, бож сиёсати бўладими, ихтиёрий нарсада бу нимага олиб келади, деган мантиқ бўлиши кераклигини қайд этди.

«Эшитган бўлсангиз, яқинда тухум экспортига чекловлар қўйиш ҳақида гап кетди. Кимдир тухум етиштирадиган товуқ фермалар қурган, балки миллионлаб доллар кредит олган ёки ўзининг пулини тиккан. Исталган вазиятда экспорт ёпилиб қолиши мумкин дейиладиган жойда, албатта, у инсон 2 йилда пулимни чиқариб олмайдиган бўлсам, ишлайман дейди. Лекин агар 100 йил ичида ҳам истаса Афғонистонга, истаса Эрон ёки бошқа жойга экспорт қила олишини билса, бошқача мантиқда фикрлай бошлайди», — деди у.