Ўтган йили Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида 39 миллиард куб метр сув сарф этилди. Шундан 36 фоизи, яъни 14 миллиард куб метрдан ортиғи тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбари сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларнинг долзарблиги кундан-кунга ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади, деб хабар бермоқда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов. Шу билан бирга, сўнгги икки йилда сув хўжалигига, жумладан, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида катта миқдорда субсидиялар ажратилди.

Ерларнинг 70 фоизи эски усулда суғорилгани боис 5−6 миллиард куб метр сув беҳуда сарфланиб, коллекторларга ташланмоқда, деди президент.

Бугунги кунда 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 7 миллиард киловатт соат электр сарфланади. Лекин 80 фоиз насослар 35−40 йилдан бери ишлатилиб, ўз ресурсини ўтаб бўлган, деди Шавкат Мирзиёев.

«Давлатимиз раҳбари сув хўжалигидаги бундай вазиятдан чуқур ташвишдалигини қайд этиб, соҳа мутасаддиларига қаттиқ эътироз билдирди», — дейди Шерзод Асадов.

Президент каналларни бетон қилиш орқали йўқотишларни камайтириш, насосларни энергия тежамкорига алмаштириш, сув иншоотларида автоматлашган ҳисоблагич ўрнатиш юзасидан топшириқлар берилди.

Ўзбекистонда чучук сувнинг 90% дан ортиғи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан анча юқори.

Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров 2030 йилга бориб мамлакатда 7 миллиард куб метр сув етишмаслигини таъкидлаганди.