Душанба куни тонгда таҳририятга 80-автобусда кетаётган эдим. Гагарин кўчасидан Паркент бозоригача бўлган 11 километрлик масофани автобус одатда 50 дақиқада босиб ўтади. Аммо 23 октябрь йўл оз эмас, кўп эмас нақ 2 соат вақт олди, чунки пойтахтнинг бир неча магистрал кўчаларида бир вақтнинг ўзида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари сабаб шаҳар маркази қимир этмайдиган тирбандликларда қотиб қолганди.

Бобур кўчасининг аэропортдан то Нукус кўчасигача бўлган қисмида йўл қопламасини тўсатдан янгилаш бошлаб юборилгани сабабли кўчанинг бу бўлаги автотранспорт ҳаракати учун бутунлай ёпилганди. Тан олиш керак, Тошкент ҳокимлиги бу ҳақда ўзининг Telegram-каналида хабар берган эди.

Нукус кўчасидаги қувурларни алмаштириш ишларини якунламай туриб, душанба куни бу ерда ҳам йўл қопламасини янгилашга киришишган. Ўтган ҳафта кўчанинг иккита катта бўлагида ҳаракат чекланиб, қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқими ҳам ҳам битта қатнов қисмидан ҳаракатланаётганди. 23 октябрь куни кўчанинг ёпилган бўлаклари кўпайди. Саккизта полосадан фақат учтаси қолди: иккитаси шаҳар марказидан келаётган оқим учун, биттаси — марказга кетаётганлар учун. Ҳеч ким бу ҳақда аҳолини огоҳлантиргани йўқ, жамоат транспорти учун айланиб ўтиш йўлларини ўйлаб кўргани йўқ.

Оқибатда Нукус кўчасига параллел ҳисобланган Шота Руставели кўчаси қип-қизил тирбандлик ичида қотди. Автобуслар ўзи билганича, эплаганича йўналиш танлай бошлади.

ажратилган йўлак, жамоат транспорти, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йўл ҳаракати қоидалари, тошкент, урбанистика

«Нукус кўчаси қисман ёпилган, транспорт катта кечикиш билан ва тушунарсиз йўналишлар бўйлаб ҳаракатланмоқда. Кичик Бешёғоч, Абдулла Қаҳҳор (Заводская) ва бошқа кўчаларга кириб-чиқиш жойлари — ёпиқ», — деб ёзди соат 08:06 да Telegram’даги People3TM канали.

Автобус Гагариндан Глинкагача бўлган масофани 50 дақиқада босиб ўтди. Бунча вақтда мен велосипедда нафақат офисгача етиб олишга, етиб боргач бир финжон қаҳва ичишга ҳам улгурардим. Аммо 23 октябрь куни тирбандликдан қутулиб чиқиш имкони умуман йўқ эди — қўшни кўчалар ҳам тиқилиб қолган эди.

Кичик Бешёғоч кўчасидан бурилиб чиқиши ҳамоноқ автобус ЙТҲга учради. Англашимча, у ортга қайрилиб олиб, бу тиқилинчдан имкон қадар тезроқ чиқиб кетишга уринган енгил машинага бориб урилганди.

Автобус йўловчилари жуда қўрқиб кетди. Салон ўртасида турган кекса бир аёл бошқа йўловчиларнинг қўлига қуларкан, бошини тутқичга уриб олишига бир баҳя қолди. Автобус ҳайдовчиси пачоқ бўлган енгил машинанинг тутаётган капотини ўчиришга шошилиб, ўтўчиргични олганча учиб тушиб кетди. Барча йўловчилар йўлида пиёда давом этди, автобус эса марказга кетаётган транспорт оқими учун хизмат қилаётган ягона ҳаракатланиш бўлагини тўлиқ ёпиб қўйди.

Нукус кўчасида 23 октябрь куни юз берган ЙТҲ.Нукус кўчасида 23 октябрь куни юз берган ЙТҲ.

Мен Нукус кўчасининг Истиқбол кўчасидаги кесишмаси (собиқ Винзавод)гача пиёда бориб, у ердан ишга таксида етиб олдим.

Ўша оқшом Транспорт вазирлиги тирбандликларни эътироф этди, аммо жамоат транспорти йўналишларини ўзгартириш бўйича ёки умуман бошқа бирор ечим таклиф қилмади. Вазирликнинг бундай ёндашуви ўз ожизлигини тан олишдек янгради: қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, аммо сизлар бардам бўлинглар.

Мен ҳар доим шаҳар автобусларини энг хавфсиз транспорт тури деб ҳисоблардим, аммо душанба куни бунга бўлган ишончим сўнди. Тошкентдаги автобуслар ҳаракатнинг бошқа иштирокчилари олдида ожиз ва шунинг учун ҳам хавфсиз эмас. Тошкент автобуслари мунтазам ЙТҲларга учрайди ҳамда йўловчилар саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин.

Август ойида юз берган автобус иштирокида ЙТҲ.Август ойида юз берган автобус иштирокида ЙТҲ.

24 октябрь тонгида Бобур кўчасининг ёпилган қисми узайди. Энди кўча биратўла Шота Руставели кўчасидан бошлаб ёпилганди. Табиийки, бу ҳақда бирор хабар берилгани йўқ. Чорраҳада хавфли тартибсизлик юзага келди, минглаб шаҳарликларнинг асабийлиги эса ҳавода ҳам сезиларди.

Сешанба куни ёмғир ёғмагани учун мен вақтни тежаш мақсадида ишга велосипедда йўл олдим. Шота Руставели кўчасидаги тирбандлик деярли қимир этмасди. 25-мактаб олдида учта баланд «дўқ» этган овозни эшитдим: бир машина бошқасини бориб урган ва уёғига «домино эффекти» юз берган. Тўртта автомобиль пачоқланган.

Шахсий автомобиль ё таксида кетаётганимда менда муҳофазада эканим ҳақида хомхаёл бўлмайди. Такси йўловчилари, одатда, ўзини хавфсиз ҳис қилмайди. Эҳтиёткор ҳайдовчи насиб қилган тақдирда ҳам, у йўлни баҳам кўришга тўғри келадиган «ўпка»лардан сизни ҳимоя қилолмайди. Ўзбекистонда орқа ўриндиқда хавфсизлик камарини тақиш маданияти йўқ. Шу боис камарни қотириш жойи одатда ўриндиқ остида қолдирилади. Шундай экан, йўловчиларда ўзини эҳтимолий жароҳат ёки ҳатто ўлимдан жисмоний ҳимояланиш имконияти мавжуд эмас.

ажратилган йўлак, жамоат транспорти, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йўл ҳаракати қоидалари, тошкент, урбанистика

24 октябрь оқшомида мен уйга ўзимнинг одатий йўналишим бўйича қайтаётгандим. «Ракат» маҳалласидаги кўчаларнинг биридан чиқарканман, супермаркетга киришни режа қилдим. Бино олдига машиналар қўйилган. Улар ва бино орасидаги тор йўлакдан пиёдалар ўтиб қайтади, бу ерда тротуар йўқ. Менда парковкада турган машиналар ва йўлнинг қатнов қисми орасидан ўтишдан бошқа танлов йўқ эди. Аммо тўхтаб турган машина ортида энг чеккасидан шағали чиқиб турган «ётиқ полициячи»ни кўрмай қолдим. Тўхташга ёки хавфсизроқ манёвр қилишга улгурмаган бўлардим. Шағалда велосипедим сирпаниб кетиб, йиқилдим ва олдимдан ғизиллаб ўтган машина мўъжиза туфайлигина мени босиб кетмади.

Менда Тошкент кўчалари велосипед ҳаракатланиш учун хавфсиз деган хомхаёл ҳам бўлмаган. Хавф ҳар тарафдан — велосипедчиларни кўрмай қоладиган ҳайдовчилардан, қуруқ ҳисобот ва бюджетни ўзлаштириш учунгина қурилган велойўлаклардан, кўчаларнинг ёритилмаганидан, йўллардаги чуқурлардан ва чеккасидан шағали чиқиб турган «ётиқ полициячи» каби қатнов қисмининг майда-чуйдадек кўринувчи камчиликлардан ўз кўланкасини кўрсатиб туради.

Йиқилиб олган жароҳатим айтарли жиддий эмас, аммо менда бошқа савол туғилди: агар бошқа бирор хавфсизроқ вариант қолмаган бўлса, шаҳар бўйлаб қандай ҳаракат қилиш керак?

2022 йил октябрида Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовдан интервью олгандим. У 2023 йил сентябрига бориб тирбандликларни 2022 йилги вазият билан таққослаб бўлмай қолишини тахмин қилганди, чунки пойтахтда рўйхатга олинган машиналар сони, шаҳарга ҳар куни 150 минг автотранспорт кириб-чиқишини ҳисобга олмаганда ҳам, йилига 100 минг донага кўпаймоқда. Шундай қилиб, 2022 йил октябрида Тошкентда 700 минг автомобиль рўйхатга олинган бўлса, бугун шаҳар кўчаларида аллақачон 1 миллион автомобиль ҳаракатланмоқда. Бу сонни улар амалга ошираётган ҳаракатга, масалан, «уй-мактаб-ишхона-дўкон-мактаб-уй»га кўпайтирсак, куннинг ёруғ вақтида ҳам 7 баллик кўрсаткичдан пасаймайдиган тирбандликларга эга бўламиз.

Шаҳар транспорти бошқаруви учун ҳар бир автомобиль ҳайдовчиси — бу ўзининг юқори даражадаги хавф воситасини йўлда қандай ҳайдаш ҳақида индивидуал қарор чиқарувчи алоҳида бир бирлик. Бундай бирликлар бир миллионта бўлса, уларнинг хулқ-атворини бошқариш имконсиз бўлиб қолади. Агар уларнинг аксарияти автобусда кетаётган бўлсаю, салондаги 100 кишининг қандай ҳаракат қилиши ҳақидаги қарорни бир ҳайдовчи қабул қилса — унда бошқа гап.

Аммо пойтахтни бошқараётган амалдорлар жамоат транспортини ривожлантиришдан, тарифлари чўнтакка сезиларли пуллик парковкаларни ташкил этиш ҳамда белгиланмаган жойдаги ҳар бир тўхташ ва тўхтаб туриш учун муқаррар жарималарни қўллашдан қочяпти, автобуслар учун алоҳида ажратилган бўлакларнинг ишлашини таъминлай олмаяпти, брутто-контрактларга ўтишни, йўл ҳақини тўлашнинг мослашувчан тарифларини жорий этишни ва трамвай ҳақида ҳатто ўйлаб кўришни ҳам хоҳламаяпти. Уларнинг тасаввурида шахсий автомобиль ҳар қандай муаммонинг ечимилигича қолмоқда ва шу сабабли ҳам унга ҳеч қанақасига халал бермаслик керак.

Аксинча, улар автомобилни илоҳийлаштиряпти, унга атаб гўёки чиройли кўприклар ва кўп полосали аэродромлар қуриляпти. Реконструкция қилинаётган кўчаларнинг лойиҳалари, юқори мартабали амалдорлар ва хорижий сиёсатчилар кортежларининг йўл қатнов қисмидан олинган суратларига қараб, шаҳарсозлар тасаввуридаги гўзаллик — бу ҳувиллаган кенг кўчалар эканини англаш мумкин. Автомобиль эришиб бўлмас ҳашамат ҳисобланган, одамлар эса ҳар доим лиқ тўла автобусларда тиқилиб кетган ёки метрога қамалган совет социализми дунёсида бундай «гўзаллик» ҳақиқатга яқинроқ кўринган бўларди, ҳақиқатан ҳам.

Аммо машина сотиб олиш имкониятини тақдим этадиган капитализмда гўзаллик ҳақидаги бундай тасаввурлар масхаромуз ва хунук кўринади, чунки бу «гўзаллик» қотиб қолган тирбандликларга, машиналардан чиқаётган тутуннинг бадбўйлигига, ёмон экологияга, ёнингдаги ҳамроҳинг сени эшитиши учун унга бақириб гапиришга мажбур қиладиган кўчадаги шовқинга, ушбу пьеса иштирокчиларининг асабларига ва, охир-оқибат, жароҳат ва ўлимларга тенг.

Шаҳар йўлларидаги вазият сценарийси толеъсиз бир муаллиф ёзган квест (саргузашт ўйин)га ўхшайди. У шаҳар аҳолисига остона хатлаб кўчага чиқиши билан дуч келиши мумкин бўлган хавф ва зарарнинг даражасини танлашни таклиф қилади. Қандай етиб олмоқчисиз — узоқ ва қиммат ёки узоқ ва арзон; узоқ ва хавфли ёки тез ва хавфли; қиммат ва асабий ёки узоқ ва асабий? Шаҳар руҳий ва жисмоний саломатликка ижобий таъсир қиладиган вариантларни таклиф қилмаяпти.

Расмийлар муаммоларни ечишга уриняпти, аммо бунга чала-чоралар билан ҳаракат қиляпти. Минглаб автобуслар сотиб олингани билан мақтанишди, аммо «ҳайдашни ҳам сотиб олишмагани» учун энди ўнлаб ЙТҲлардан сўнг яп-янги қимматбаҳо машиналар таъмирланмоқда. Хорижий экспертларни жалб қилиб, жамоат транспортини ривожлантириш бўйича чораларни ишлаб чиққанликлари билан мақтанишди, жамоат транспортида йўл ҳақи ошишига аҳолини тайёрлаб боришда, аммо якунда нархларни оширишга ҳаддилари сиғмади. Автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш бўлакларини чизишди, аммо бу бўлаклар ҳақиқатан ҳам ишлаши, иш бериши учун уларни аввалбошдан кўчалар ўртасида ташкил этишни таклиф қилган кўплаб экспертларнинг тавсиялари қулоқ тутишни ўзларига эп кўришмади. Парковка муаммосини ҳал қилиш ҳақида катта гапиришди, бу зарурат эканини тушунтиришди, ҳужжатлар қабул қилишди, пудратчини ҳам танлашди, аммо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тўхтаб туриш қоидаларини бузишга оид бир моддани киритиш билан ўчиб қолишди.

Бу вақтда эса Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати шаҳарнинг бошқа масъуллари билан бирга хавфли кўчалар муаммосини тизимли ҳал қилиш ўрнига, Ўзбекистондаги йўл ҳаракатининг шундоқ ҳам энг ҳимоясиз, амалда ҳақ-ҳуқуқсиз иштирокчилари — пиёдаларга қарши икки ҳафтадан бери рейдлар ўтказиш билан банд.

Сўнгги кунлардаги аҳвол Тошкент хорижий меҳмонларда зўр таассурот қолдиришни истаётганини кўрсатмоқда, шу билан бирга у мазкур кўзбўямачи тайёргарликнинг молиявий йўқотишларини ҳали узоқ вақт эслаб қоладиган ўз аҳолисининг чексиз нафратига ҳам сазовор бўлмоқда.

Тошкентдаги транспорт билан боғлиқ вазият ҳокимият ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг барча хасталикларини очиб бермоқда, бунда ҳокимият гўёки «катта бўлгунингча вақтинчалик ноқулайликларга чидаб туришинг керак» деб, лекин фарзандини катта ҳаётга қўйиб юборишга ҳеч шошилмаётган ота-онага ўхшайди. Тошкент энди бошқаларнинг кўзига зўр кўринишга уринишни бас қилиб, ўз оиласи учун зўр бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, ёмон кўринмаса яхши эди.