Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Best tourism villages 2023 awards тақдирлаш маросими бўлиб ўтди ва унда Навоий вилоятининг Сентоб қишлоғи ғолиб бўлди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Энг яхши туризм қишлоғи бўлиш учун номзодлар рўйхатига Ўзбекистоннинг жами 5 та манзили — Самарқанд вилоятидаги Конигил, Навоий вилоятидаги Сентоб, Сурхондарё вилоятидаги Сангардак, Жиззах вилоятидаги Ухум ва Фарғона вилоятидаги Аввал туризм қишлоқлари киритилган.

Маросимда UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили номинация нафақат ривожланган ҳудудларга, балки ўз қадриятларини сақлаган ва анъаналарини тарғиб қилаётган қишлоқларга ҳам сайёҳлар эътиборини жалб қилишда хизмат қилишини таъкидлаган.

«Биз туризмни қишлоқ ҳаёти тараққиётинг драйверига айлантиришни мақсад қилганмиз. 2021 йилда ташкил этилган „Энг яхши туризм қишлоқлари“ номинацияси қишлоқлардаги ҳаётни янада яхшилаш борасидаги ишларимизнинг дебочаси, холос», — деди у.

Маълумот учун, Сентобга 2023 йилнинг 17 март куни расман туризм қишлоғи мақоми берилган. Бугунги кунда қишлоқда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти мавжуд. Қишлоқда мунтазам равишда Англия, Франция, Австрия, Германия, Италия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими кузатилмоқда.

Қишлоқда 20 та оилавий меҳмон уйи ва 3 та ҳостел фаолият кўрсатмоқда. Уларга белгиланган стандартлар асосида меҳмон уйлари номи туширилган кўрсаткичлар ўрнатилди. Айни дамда туризм қишлоғида 15 дан ортиқ туристик хизмат йўлга қўйилган.