Нукус шаҳридаги кўзи ожизлар махсус кутубхонасида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, кутубхона маъмурий биносини янгидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган қиймати 10,4 млрд сўмлик пудрат ишлари ўрганилган ва жами 530,4 млн сўмлик ишлар ҳақиқатда бажарилмаган бўлса-да, ҳисоботларга қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

«Кутубхонани жиҳозлаш мақсадида ажратилган 2 та Брайль принтери учун 90 млн сўм ва 1 та овоз ёзиш студияси учун 50 млн сўм маблағлар ҳам ўзлаштириб юборилгани оқибатида кўриш қобилиятида нуқсони бор шахсларни қорақалпоқ тилида зарур адабиёт ва аудио материаллар билан таъминлаш имкони чекланган», — дейилади БП хабарида.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш; БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ҳамда 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги; БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилиб, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда, дея қўшимча қилди прокуратура.