Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини кафолатланган харид қилиш муддати 2024 йил 1 январдан амалдаги 3 йилдан 10 йилга узайтирилди. Бу президентнинг 12 октябрдаги қарорида назарда тутилган.

Гап маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кафолатли харид қилиш механизми ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, 2022 йилдаги аввалги фармоннинг ушбу банди клиник синовлар, давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлаштириш жараёнларининг ижобий натижалари мавжудлиги талаби билан тўлдирилади.

Фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича комиссия томонидан аввал республика ҳудудида ишлаб чиқарилмаган, истиқболда маҳаллийлаштириладиган субстанциялар, дори воситаларининг халқаро патентланмаган номлари (бундай ном бўлмаган тақдирда, мансуб дори воситалари гуруҳ номлари), тиббий буюмлар ва тиббий техникалар рўйхати тасдиқлайди. Илгари ушбу рўйхат Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан шакллантирилар эди.

Ушбу рўйхат давлат харидлари бўйича махсус порталга жойлаштирилиши ва мунтазам янгиланиб туриши керак.

Кафолатли харид шартномаларини имзолаш учун ғолиблар очиқ танловлар орқали аниқланади, уларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат буюртмачиси ва бенефициар эгаси ҳисобланади.

Дори-дармонларни давлат томонидан кафолатли харид қилиш масаласи биринчи марта 2021 йил сентябрида муҳокама қилинган. Гап офсет шартномалари — қарши инвестиция мажбуриятлари билан узоқ муддатли етказиб бериш шартномалари ҳақида кетмоқда. Яъни инвестор мамлакатда янги ишлаб чиқариш объектини очади ва мамлакат унинг маҳсулотини бир неча йил сотиб олишига кафолат беради. Дастлаб 5 йиллик муддат кўриб чиқилган бўлса, якунда 3 йиллик муддат белгиланди.

Президент 2022 йил апрель ойида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 120 турдаги харидоргир дори воситаларини уч йил муддатга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш тўғрисида топшириқ берган эди. Ўшанда бу дорилар хориждан 300 миллион долларга сотиб олинган. Биринчи босқичда кафолатланган харидлар учун бюджетдан 300 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган эди.