11 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида «Док-1 Макс» иши бўйича судланувчининг адвокатларидан бири уларга босим ўтказилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Адвокат Темур Раҳматовнинг сўзларига кўра, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, судланувчи С.К. ва унинг адвокатларига тергов органи терговчиси томонидан босим бўлмоқда.

«Янгиланган Конституциямизда адвокатларнинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади, деб белгилаб қўйилган. Ҳурматли суд, мен сиздан С.К.нинг адвокатларини ҳимояга олишингизни сўрайман. Чунки кеча ҳимоям остидаги судланувчига янги айблов қўйилгач, Т.У. исмли терговчи кириб, ҳимоям остидаги шахсга „Мен сенинг адвокатларингнинг жавобгарлик масаласини кўраман“, деб айтган. Агар биз бирор-бир ножўя ҳаракат қилганимизда, қанақадир тадбир бўлса, бизга айтмасдан қиларди. Лекин бу гапни айтиши ҳимоям остидаги шахснинг бу гапни бизга айтиши ва биз ҳимоя позициямизни ўзгартириш учун айтилдими, билмадим. Ёки қўрқитиш масаласими?» — дея судга юзланди адвокат.

Адвокат тергов органи ходимининг бу ҳаракати биринчиси эмаслигини маълум қилди.

«Ўтган сафар ҳам гумон қилинувчи чиқарилганида терговчи келиб, «дело»ни тақ этиб ташлаб, имзо кимники, ҳа меники, имзо кимники, сеникими, деб сўраб, менга яна экспертиза сўрайсан, дейди. Мен энди судда экспертиза ҳам сўрашим мумкин эмасми? Мен мана шу ерда (суд мажлиси бўлиб ўтаётган хонада — таҳр.) нарсаларимни қолдиришга қўрқаман. Мана бу ёқда ниқобдагилар юрибди. Бирор нарса ташлаб қўйишса, бирор нима бўлса, ким жавоб беради? Мен бу гапни атайлаб оммавий ахборот воситаларининг олдида гапиряпман. Суд ва аппеляция тугагунча агар бизга — адвокатларга бирор нима бўлса, айнан шу позициямиз учун бўлганини ҳисобга олишингизни сўрайман», — деди адвокат Темур Раҳматов.

«Адвокатларингнинг иккитасига сюрприз тайёрлаб қўйдим. Суднинг охирида сюрпризимни кўрсатаман, деди. Ундан олдин ҳам адвокатларинг нима қиляпти, ким билан учрашяпти, телефонда ким билан гаплашяпти, ҳаммасини кўриб, билиб ўтирибмиз, керакли пайтда чорасини кўрамиз, дейишганди. Буни қўрқитиш деймизми, билмадим, шундай шаъма қилиш бўлган», — деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари, судланувчи С.К.

Суд мурожаатни инобатга олганини билдираркан, «Сизнинг ҳимоя позициянгизга таъсир қиладиган ҳолатлар аниқланса, бизга мурожаат қилишингиз мумкин», дея қўшимча қилди.