Швеция Қироллик Фанлар академияси иқтисодиёт бўйича 2023 йилги Нобель мукофотига Гарвард университети иқстисодчиси Клаудия Голдинни лойиқ топди.

Асосий номинациялардан фарқли равишда ушбу мукофотни Альфред Нобель хотирасига атаб Швеция миллий банки таъсис этган. Мукофот иқтисодиёт соҳасидаги ютуқлар учун берилади.

Мукофот Клаудия Голдинга аёллар меҳнат бозорининг самараси тушунчасини кенгайтиришда хизмат қилган тадқиқотлари учун берилди. У меҳнат бозоридаги гендер фарқларининг асосий омилларини очиб берган, асрлар давомида аёлларнинг даромадлари ва меҳнат бозоридаги иштироки ҳақида биринчи бўлиб тўлиқ маълумотни тақдим этган.

«Аёллар жаҳон меҳнат бозорида жуда кам улушларни ташкил қилади ва улар эркаклардан кўра камроқ маош олади. Клаудия Голдин архивларни ўрганиб чиқиб, биргина АҚШ мисолида 200 йиллик маълумотларни тўплади. Бу унга йиллар давомида даромадлар ва бандлик даражасидаги гендер фарқлари қандай ва нима учун ўзгарганини кўрсатишга имкон берди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, эндиликда Нобель-2023 ҳафтасини ёпиқ дея эълон қилиш мумкин. Лауреатларни тақдирлаш маросими 10 декабрь куни — Альфред Нобельнинг вафот этган санасида ўтказилади.

Мукофотнинг соврин жамғармаси ўн миллион швед крони ёки тахминан 900 минг долларни ташкил қилади. Шунингдек, совриндорлар олтин медаллар ва дипломлар билан тақдирланади.

Бошқа йўналишларда тақдирланганлар ҳақида маълумотни қуйида ўхшаш хабарлар орқали танишиб чиқиш мумкин.