11 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман суди 2023 йил апрель ойида Тошкент шаҳрининг Кичик ҳалқа йўлидаги йўл-транспорт ҳодисасида бир киши вафот этишига сабабчи бўлган Captiva ҳайдовчисига нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» ҳукмни ўрганди.

Жиноят иши материалларига кўра, 18 апрель куни тахминан соат 16:50 да Captiva ҳайдовчиси Учтепа туманидаги Кичик ҳалқа йўли бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. Қайд этилишича, ҳайдовчи соғлиғига эътибор бермай, рулга ўтирган. У бошқарувда кетаётиб, ҳушини йўқотиб, қарама-қарши бўлакка чиқиб кетган ва Cobalt билан тўқнашган.

Ҳар икки ҳайдовчи тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. Cobalt йўловчиси воқеа жойида вафот этган. Машинанинг йўловчи томонидаги олд ойнасида зарба изини кўрса бўлади.

Суд-тиббий экспертизаси Cobalt йўловчиси Н.А.Қосимованинг ўлимига оғир тан жароҳатлари, хусусан, жигар ва талоқнинг ёрилиши натижасида қорин бўшлиғига қон кетиши, бош, кўкрак, қорин ва қўл жароҳатлари сабаб бўлгани аниқланган.

Суд мажлисида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унинг айби даъвогарнинг кўрсатмалари ва суд-тиббиёт ва суд автотехника экспертизаларининг хулосалари билан ҳам тасдиқланган.

Судланувчи афсусда экани ва пушаймонлигини билдирди, шунингдек, жабрланувчиларнинг оиласидан кечирим сўради. У суддан унинг соғлиғини ҳисобга олиб, жазо муддатини қисқартиришни сўради.

«Ўша куни невараларимни олгани бордим, йўлда ҳушимдан кетиб қолдим. Ўзимга келганимда касалхонада эканимни англадим. Агар бу шундай оқибатларга олиб келишини билганимда, умуман машина рулига ўтирмаган бўлардим. Биз жабрланганларни ёрдамсиз қолдирмадик, ўғлим уларни қўллаб-қувватлади. Тергов жараёнида жабрланувчининг оиласига 18 миллион сўм товон пули тўлаб бердик», — деди судланувчи.

Бироқ марҳум аёлнинг турмуш ўртоғи суд мажлисида судланувчининг ўғли ҳам, бошқа қариндошлари ҳам уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаганини айтди.

Суд судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан бирга 5 йил муддатга озодлик чеклаш жазоси тайинлади.

Шунингдек, суд томонидан айбдордан 50 миллион сўм моддий зарар, шунингдек, техник зарар учун 40,6 миллион сўм ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди

Суд ҳукмига кўра, маҳкумга қуйидагилар тақиқланади:

  • ҳар қандай сабабга кўра 17:00 дан 08:00 гача яшаш жойингиздан чиқиш;
  • назорат органининг розилигисиз яшаш жойини ўзгартириш;
  • транспорт воситасини бошқариш;
  • назорат органининг розилигисиз Тошкент шаҳри ҳудудидан чиқиб кетиш.

Уй қамоғидаги маҳкум белгиланган тақиқларни бузган тақдирда, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин.