Россиянинг «Герофарм» фармацевтика компанияси Ўзбекистоннинг Zuma Pharma корхонаси билан мамлакатда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорлик 2023 йил июль ойида тўхтатилганини «Газета.uz»га маълум қилди.

2022 йил апрелида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўша пайтдаги биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, «Герофарм» савдо бўйича директори Владимир Скорняков ва Zuma Pharma таъсисчиси Нодир Юнусов «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмаси доирасида инсулин препаратларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича лойиҳани ишлаб чиқиш чора-тадбирларини бошлаш тўғрисида имзоланган меморандумларни алмашганди.

Бир неча кун аввал «Газета.uz» «Антиструмин» ёд таблеткаларини ишлаб чиқарувчи Samo фармацевтика компанияси ва унинг собиқ ҳаммуассиси Нодир Юнусовга бағишланган мақоласида бу ҳақда эслатиб ўтганди. Нодир Юнусов Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрида Zuma Pharma компанияси раҳбари сифатида қайд этилган (3 октябрь ҳолатига кўра).

«Герофарм» компанияси таҳририятга июль ойида Ўзбекистон президенти администрациясининг ўша пайтдаги раҳбари Сардор Умурзаков ва Россия Федерацияси бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуровга юборилган хат нусхасини жўнатди.

«Компаниялар бир қатор музокараларда ҳамкорликнинг асосий тижорий шартлари бўйича келиша олмагани сабабли Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди», — дейилади унда.

Шунингдек, хатда «компаниялар бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикасида мустақил равишда ва эркин ривожланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши» айтилади.

«Герофарм» компанияси 2021 йилдан буён Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошираётганини қайд этди.

««Герофарм»нинг Ўзбекистон бозорини ривожлантириш ва мамлакатда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича режалари ўзгаришсиз қолмоқда», — дейилади компания хабарида.

Бундан ташқари, «Герофарм» инсулин етказиб беришда давом этмоқда — 2022 йилнинг декабрь ойидан буён компания Ўзбекистоннинг бюджет ва тижорат каналларига «ҳаёт учун муҳим дори воситаларининг имтиёзли таъминот, шунингдек, мамлакат дорихоналари мавжудлигини таъминлаш учун 33 минг қадоқдан ортиқ инсулин етказиб берди».

Сентябрь ойида компания иккинчи марта Ўзбекистондаги эндокринологик диспансерлар шифокорлари учун ўқув дастурини ташкиллаштирди. Биринчи интенсив ўқув дастури 2022 йил август ойида ташкил этилганди. Ўқув дастурининг мақсади Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги қандли диабет мактаблари учун тренер-ўқитувчиларни тайёрлашдан иборат.

Умуман олганда, Ўзбекистонда «Герофарм»нинг 5 та инсулин препарати, шунингдек, неврология ва офтальмология соҳасидаги оригинал дори воситалари рўйхатга олинган. Йил охиригача яна бир нечта инсулин ва оригинал дори воситалари етказиб беришни ташкил этиш режалаштирилган.