Фарғона вилояти Қўштепа туманида мактаб ўқувчиси 5 ёшли болани отиб қўйди. Бу ҳақда Zo‘rTV телеканалининг «Бу кун» дастурида хабар берилди.

Туманнинг «Карнайчи» маҳалласида яшовчи бола уйи орқасидаги хўжаликда ишловчи отасини овқатланишга чақириш учун олдига борган. Шу пайтда унинг маҳалладоши пневматик қурол билан отиб қўйган. Гумонланувчи қуролда ўқ борлигини билмаган.

«Яқинлиги учун ҳар доим дадасини чақиргани бориб келарди. Ўша ерда дадасини олдида ўтирганида у бола сўрини тагидаги милтиқни олиб, ўқи йўқ деб ўйлаб отиб юборибди. 7−8 синф ёшларидаги бола, иккита маҳалла нарида турарди, биз тарафга сув олиш учун келиб туришарди», — деди жароҳатланган боланинг онаси.

Шифокорларнинг айтишича, жарроҳлик амалиёти 5 соат давом этган. Пневматик қуролнинг ўқи чап ўпкадан ўтиб, юракнинг чап қоринчасига кириб қолган.

«Юракни тўлиқ тўхтатган ҳолда, ўқни олиб ташладик. Ҳозирда боланинг аҳволи яхши», — деди шифокор.

Ҳозирда мазкур ҳолат Қўштепа тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда ўрганилиб, терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.