Сурхондарё вилоятида қарийб 13 млрд сўмлик сигаретнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди, дея хабар қилди вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Божхона ходимлари томонидан «Болдир» темир йўл чегара божхона постига Туркманистондан кириб келган темир йўл поезди вагонларидан бирида божхона назорати ўтказилди.

Натижада, ушбу вагонда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, акциз маркалари мавжуд бўлмаган ва божхона назоратидан яширилган умумий қиймати 12 млрд 771 млн сўмлик 851 460 қути Еsse Change номли сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 37,5 млрд сўмлик 1,61 млн қути — бутун ўтган йилдагидан кўп сигарет мусодара қилинган.