6 июль куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги заводда божхона органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 228 минг 144 қути тамаки маҳсулотлари ёқиб юборилди. Унда иштирок этган «Газета.uz» мухбири жараёндан фоторепортаж тайёрлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги 200-сонли қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.

Эътиборли жиҳати, ёқиб юборилган тамакиларнинг бари битта хонадондан топилган. 2023 йилнинг 22 февраль куни пойтахтнинг Миробод туманидаги уйда хорижда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 144 турдаги 228 минг 144 қути тамаки сақланаётгани аниқланган. Текширишларда уларнинг умумий қиймати 3,3 млрд сўм экани маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг 15 июндаги ҳукмига кўра, жиноят иши бўйича ашёвий далил тариқасида олинган мазкур тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланган.

Тамаки билан боғлиқ рақамлар

Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов иштирокида ўтказилган брифингда маълум бўлишича, 2022 йилда божхона органлари томонидан 338 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида 19,8 млрд сўмлик 1 млн 619 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 85 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек, 253 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилган.

2023 йилнинг 6 ойида эса божхона органлари томонидан 155 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида 37,5 млрд сўмлик 1 млн 610 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 53 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек, 90 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилган.

2022 йилда ноқонуний муомаладан олинган 1 млн қутидан ортиқ, 2023 йилнинг ўтган даврида эса 100 минг қутидан зиёд сигарет товарлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.

Тамакиларни ноқонуний олиб киришга уриниш

Таҳлилларга кўра, республика ҳудудига тамаки маҳсулотларини асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ноқонуний тарзда олиб кирилмоқда. Ички ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, аниқланаётган энг кўп ноқонуний сигарет маҳсулотлари Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

божхона қўмитаси, тамаки маҳсулотлари

Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган сигаретларнинг асосий қисмини Milano, Esse, Mond, Cavallo, Parlament, Heets, Marlboro каби сигаретлар ташкил қилмоқда.

Тамакилар нега ёқиб юборилади?

Брифинг давомида идоралар вакилларига олиб қўйилган тамаки маҳсулотлари нега ёқиб юборилиши, бу ягона ечим экани ёки йўқлиги борасида савол берилди.

Мажбурий ижро бюроси вакили бу ишлар Вазирлар Маҳкамаси қарори билан амалга оширилишини таъкидлади. Адлия вазирлиги вакили эса масаланинг бошқа томонига тўхталди.

божхона қўмитаси, тамаки маҳсулотлари

«Олиб қўйилган маҳсулотлар бирор бренд номидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган. Агар бу ном остида савдога чиқариб юборсак, бренднинг номига таъсир қилади. Чунки ушбу маҳсулотлар сифат даражасидан ҳам талабга жавоб бермайди», — деди вазирликнинг Интеллектуал мулк агентлиги бошқарма бош маслаҳатчиси Аброр Қодиров. У бундай маҳсулотларни йўқ қилиш энг оптимал чора эканини билдирди.

Брифингда, шунингдек, тамаки маҳсулотларининг ноқонуний бозори ўсиб бораётгани ҳақида савол берилди. Жумладан, 2022 йил октябрь ойида Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний бозори сўнгги икки йилда 4 фоиздан 15 фоизга ўсгани маълум қилинганди. Бу вазиятни изоҳлар экан, Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов рақамларни «нисбий» деб атади.

«Бу рақамлар қаердан шакллантирилди, бу рақамни эълон қилишдан олдин Ўзбекистон аҳолиси жон бошига бир йилда нечта сигарет истеъмол қилади, эҳтиёж қанча [эканини аниқлаш керак]. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар шу эҳтиёжнинг неча фоизини қоплайди? Расмий импорт ҳисобидан қанча эҳтиёж қопланади? Қолган қисми — ноқонуний импорт — айланма йўллар орқали кириб келяпти. Шунинг учун мана шу 4 фоиздан 15 фоизга ўсди, деган қатъий фикрни ҳисоб-китобларга асосланиб айтиш керак. Бу ҳисобот… айрим нодавлат-нотижорат ташкилотлар бор, улар ташланган бўш қутининг ҳисоб-китобини олиб боради. Кўчада ётган, бурчакларда турган бўш қутиларни ҳисоблайди. Сўнг ўртача ҳисобдаги чекадиган аҳоли жон бошига ҳисоблаб, унинг бутун республика бўйича фоизини чиқаришга ҳаракат қилади. [Бу] нисбий маънодаги кўрсаткич. Шунинг учун тескари саноқни амалга ошириш орқали айтилган рақамларга аниқлик киритсак, яхши бўларди», — деди у.