Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагида 7 ёшли қизга уятсиз ҳаракатлар қилган 55 ёшли эркак 18 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати хабар қилди.

Нима бўлган эди?

7 июнь соат 17:00 да Мирзо Улуғбек туманида (Мусаввирлар бекати) бегона эркак 7 яшар қиз орқасидан подъездга киради. Ўша уйда турадиган қиз шу уйнинг 1-қаватида турадиган дугонасининг олдига келади.

Эркак қизни қўрқитиб, рўпарадаги эшик олдига олиб бориб (кўча эшигидан биров кўриб қолмаслиги учун), қизни ўпиб, интим жойларини ушлайди ва бошқа уятсиз ҳатти-ҳаракатлар қилади. Эркакни очилган эшик уни қўрқитиб юборади ва жойни тарк этади. Вазиятдан хабар топган жабрланувчининг ота-онаси дарҳол ички ишлар органларига мурожаат қилади.

9 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ гумонланувчи эркак ушланганини маълум қилди.

Суд хукми

2023 йил 20 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Х.А.га (1968 йилда Тошкент вилоятида туғилган, нафақада, муқаддам Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисми билан судланган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг раиси Ш. Бакаев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Х.А. Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларида ўташи белгиланди.