Фуқароларга Telegram мессенжери орқали ҳаволалар юбориб, уларнинг банк карталаридан пул ечиш билан шуғулланган йигит ушланди. Бу ҳақда ИИВнинг Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи 39 ёшли Б.Р. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 11 млн 719 минг сўм пул номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи 20 ёшли йигит содир этгани аниқланган.

«Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган йигит интернет фойдаланувчиларига Telegram орқали турли хил мазмунидаги хабарни (ҳавола) жўнатиб, уларни қизиқтириб, банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали ундаги пулларни ўғирлаб, қинғир йўллар билан бойлик орттириб келаётгани маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми (Қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғирилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Қонунга мувофиқ, бундай жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.