Тошкент вилояти Зангиота туманидаги хонадонларнинг бирида ҳожатхонага 2 ёшли бола тушиб кетди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Фавқулодда вазиятлар бўлимига 13 май куни соат 16:58 да туманнинг Ҳаракат маҳалласидаги уй эгасининг фарзанди эҳтиётсизлик ва назоратдан четда қолгани сабабли ҳовлисидаги ҳожатхонага тушиб кетгани тўғрисида хабар келган.

Айтилган манзилга қутқарувчилар етиб борган ва махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида тахминан 5 метрли ҳожатхона чуқурлигидан болани соғ ҳолатда олиб чиққан.

«Боланинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизни назоратсиз қолдирманг», — дейилади хабарда.

Мамлакатдаги бундай ҳожатхоналарда одамларнинг ўлим топиш ҳолатлари ҳам бўлган. Масалан, ўтган йили Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида ҳожатхонага тушиб кетган телефонни олишга уринган бир оиланинг уч нафар аъзоси ҳалок бўлган.

Намангандаги ҳолатда эса ҳожатхона ўрасига тушиб кетган iPhone`ни олишга ҳаракат қилган уч киши вафот этган.

2023 йилнинг мартида Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ҳозирги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти) тадқиқотчилари Ўзбекистонда ҳожатхоналарнинг санитария талабларига қай даражада жавоб беришини ўрганар экан, аҳолининг 41 фоизи кавлама кўринишидаги ҳожатхоналардан фойдаланиши, қишлоқларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқори эканини маълум қилганди.