Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 6 ёшли бола КамАЗ юк машинаси уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 21 апрель куни соат 10:40 атрофида Ўрда маҳалласининг Бобур кўчасида содир бўлган. 30 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга фуқаро КамАЗ юк машинасини йўл варақаси билан бошқариб кетаётиб, йўлнинг ўнг томонидан чиқиб келган 2018 йилда туғилган Д.А.ни уриб кетган.

Ҳодиса оқибатида бола бош мия ёпиқ шикасти, калла суяклари ёпиқ синиши ташхиси билан туман шифохонасида вафот этган.

«Воқеа содир бўлган куни ўғлим [боланинг отаси] ишхонасида эди. Мен қабристонда маросимда эдим. Укам чақирди, қарасам, набирангизни машина туртиб кетибди, тез етиб боринг деди. Югуриб ўша ерга бордим», — деди марҳумнинг бобоси.

йтҳ, наманган

«Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди, ўғлингизни машина туртиб юборди, амакингизни ўғлига қўнғироқ қилинг, у олиб кетяпти, дейишди. Телефон қилсам, у тез Тўрақўрғонга [туман шифохонасига] чиқаверинг, болангиз хушсиз деди. Борганимизда кўзи очиқ эди, бола бечора жон беролмай турган экан, шифохонага киргандан кейин [жони узилди]. Кенжа фарзандим эди, боғчада ҳам жуда доно эди. Ҳеч кимнинг бошига бу ташвиш тушмасин», — деди боланинг отаси.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан воқеа содир бўлган ҳудуд аҳолиси иштирокида муҳокама ўтказилди. Унда автоҳалокат ҳамда унга сабаб бўлган омиллар тўғрисида маълумот берилиб, «вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдириш, уларга бепарво бўлиш, кўчада ёлғиз ҳаракатланиши мана шундай ҳодисаларга сабаб бўлиши» тушунтирилди, дейилади хабарда.

Ҳайдовчилар ҳам боғча ва мактаблар атрофида, пиёдалар ўтиш йўлакларига яқин қолганда ва ички йўлларда тезликни пасайтириб, хушёрликни ошириб ҳаракатланишлари лозимлиги таъкидланди.

йтҳ, наманган

«Чорраҳага келганимда бу томондан машиналар келиб қолди, одам кўп эди. Уларни ўтказиб юбориш мақсадида тўхтаб турган ҳолатимда, машиналардан бири келиб тўхтади ва мен ҳам шу тарафга ўтаман деган ишорани кўрсатди. Шунда йўлни бўшатишим керак эди, машина сиғмасди. Машинани ҳаракатлантирдим, ўнг томонга қарадим ҳеч нарса йўқ эди, кўрмадим. Ҳаракатланишим билан шу нарса содир бўлди. Билиб-билмай қолдим, болани кўрмадим. Мен улардан [боланинг оиласидан] ёлвориб кечирим сўрайман, кечирим сўрашдан бошқа чорам йўқ», — деди ҳайдовчи.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.