Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабларда 2023−2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.

«Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари мактабларда 2024 йилнинг 25 май, шанба куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ўтказилади. Унга фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади.

Тадбирлар маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади.

Байрамга фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади. Йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она», «Аълочи ўқувчи отаси», «Билимли қиз онаси» номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади.

2023−2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:

1. Турли ресторан ва кафелар, хонадонларда «Битирув оқшомлари»ни ўтказиш, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;

2. Битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш;

3. Ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.