Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан 8 нафар хорижий инвестор «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Мукофот «давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, дипломатик, савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга қўшаётган катта ҳиссаси, мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб этиш, самарали инновацион лойиҳалар ва қўшма дастурларни амалга ошириш, республикадаги кенг қамровли ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларни, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган глобал ва минтақавий ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаш борасидаги алоҳида хизматлари, шунингдек, халқлар орасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги ибратли фаолияти учун» берилди.

Тақдирланганлар рўйхати

  1. Степан Гуржий — «Лукойл» акциядорлик жамиятининг Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича вице-президенти (Россия);
  2. Мухаммад Абунайян — ACWA Power компанияси бошқаруви раиси (Саудия Арабистони);
  3. Мухаммад Жамил Ал-Рамахий — Masdar компанияси бош ижрочи директори (БАА);
  4. Жемил Казанжи — Aksa Energy компанияси бошқарув кенгаши раиси (Туркия);
  5. Мехмет Женгиз — Cengiz Holding компанияси асосчиси (Туркия);
  6. Шандор Чаньи — OTP Bank бошқаруви раиси (Венгрия);
  7. Сейфоллах Гасеми — Air Products компанияси бошқаруви раиси (АҚШ);
  8. Пэрис Муратоглу — Total Eren компанияси бошқаруви раиси (Франция).

Инвесторлар асосан энергетика соҳасида, шунингдек, нефть-газ ва банк саноатида фаолият юритувчи компаниялар вакилларидир.

«Лукойл» Ўзбекистонда 19 йилдан бери фаолият юритиб келади ва Ўзбекистон нефть ва газ саноатига 8 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. 2021 йилда компания Ўзбекистоннинг 413,1 миллиард куб метр газ захирасига эга конларида иш олиб борган (умумий ҳажмнинг 22,1 фоизи). Бу вақт ичида улуш ўсган бўлиши мумкин. «Лукойл» билан Қандим-Хаузак-Шоди лойиҳаси бўйича 2046 йилгача, Ҳисор лойиҳасида эса 2043 йилгача шартнома имзоланган.

Саудиянинг ACWA Power компанияси Ўзбекистонда 7,5 миллиард долларлик қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Март ойида мазкур компания билан Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1400 МВт бўлган иккита қуёш электр станцияси, шунингдек, учта ҳудудда 1200 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимларини қуриш бўйича шартномалар имзоланганди. Лойиҳалар доирасида яна 2,5 миллиард долларлик инвестиция жалб этиш мўлжалланмоқда.

Амирликларнинг Masdar компанияси ҳам Ўзбекистонда бир нечта қуёш электр станцияларини қурмоқда. 2023 йилда компания учта фотоэлектр станциясини: Жиззах вилоятида 220 МВт қувватга эга Nur Jizzakh, Самарқанд вилоятида 220 МВт қувватга эга Nur Samarkand ва Сурхондарё вилоятида 457 МВт қувватга эга Nur Sherabad фотоэлектр станцияларини қуришни бошлаш ниятида. Ушбу мақсадлар учун компания қарийб 400 млн долларлик кредит олган.

Туркиянинг Aksa Energy компанияси Тошкент вилоятида 240 МВт қувватга эга газ иссиқлик электр станциясини, шунингдек, Бухоро вилоятида 270 МВт қувватга эга ИЭСни қурган.

Туркиянинг Cengiz Holding холдинги иштирокида Ўзбекистонда иккита лойиҳа амалга оширилди — Тошкент ва Сирдарё вилоятларида умумий қуввати 460 МВт бўлган иссиқлик электр станциялари ишга туширилди. Август ойи бошида компания президентга яна 5,2 миллиард долларлик лойиҳаларни тақдим этди.

Венгриянинг OTP Bank банки июль ойида биринчи босқичда 73,71% улушини сотиб олиб, «Ипотекабанк»ни хусусийлаштирди. Март ойи охирида президент билан бўлиб ўтган учрашувда «Ипотекабанк»даги давлат улуши 324 миллион долларга сотилгани маълум бўлди. Шунингдек, компания 100 миллион долларлик қўшма жамғарма ташкил қилмоқчи.

Май ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Air Products ўртасида Қашқадарё вилоятидаги Uzbekistan GTL заводи таркибида саноат газларини қайта ишлашда ишлаб чиқариш комплексини ривожлантириш бўйича 1 миллиард долларлик сармоявий шартнома имзоланганди.

Total Eren май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуёш фотоэлектрстанциясини ишга туширди. Франция компанияси Ўзбекистондаги фаолиятини янги йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш орқали кенгайтириш ниятида.