Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди, президент Шавкат Мирзиёевнинг 19−20 август кунлари Будапештга ташрифи чоғида қўшма жамғарма ва атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.

Мазкур масалалар инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Алишербек Пайғомов (Президент администрацияси тузилмаси ўзгаришидан олдин) ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Бу ҳақда Világgazdaság бизнес газетаси хабар бермоқда.

венгрия, петер сийярто, лазиз қудратов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто ҳаво алоқалари тўғрисидаги битимни имзолади. Сурат: Szijjártó Péter / Facebook

венгрия, петер сийярто, лазиз қудратов

20 августдан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Qanot Sharq ҳар якшанба куни Airbus А-320 самолётида тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширади. Сентябрь ойи охиригача мавжуд бўлган чипталар нархи 3,54 млн сўмдан бошланади. Сийяртонинг сўзларига кўра, сентябрдан бошлаб ҳафтасига иккита рейс, 2024 йил январидан учта ва 2025 йилдан тўртта рейс амалга оширилади.

Аввал хабар берганимиздек, томонлар Ўзбекистон Россия билан ҳамкорликда қурилиши режалаштирилаётган АЭС учун Венгриянинг қуруқ совитиш технологиясидан фойдаланиш бўйича келишиб олди.

Венгрия ташқи ва савдо вазирлиги раҳбари янги рейслар иқтисодий алоқаларга янги суръат бағишлашига ишонч билдирмоқда. У, шунингдек, Венгрия фармацевтика компаниялари Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётганини мамнуният билан қайд этди. Хусусан, Gedeon Richter ҳозирда иккита маҳсулотини маҳаллий ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бормоқда, MEDITOP Pharmaceuticals эса ўз ваколатхонасини очди ва мамлакатга сармоя тайёрламоқда.

MEDITOP ижрочи директори Акс Золтан «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида компания Тошкент ёки Тошкент вилоятида завод қуришни режалаштираётгани, аммо бунга қадар Ўзбекистон бозорида дори воситаларига бўлган талаб ва нархини ўрганиш зарурлигини маълум қилди. Инвестициялар ҳажми тахминан 20−50 млн долларни ташкил этади, деди у.

Венгриянинг OTP банклар гуруҳи давлат инвестиция фонди билан Ўзбекистонда 100 млн долларлик қўшма инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олди. OTP бошқаруви раиси Шандор Чаньи президент Шавкат Мирзиёев билан 20 август куни бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича банк сентябрь охиригача Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатидаги лойиҳаларга сармоя киритишни режалаштираётганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида Тошкентда венгриялик инвесторлар имтиёзли шартларда ишлашлари мумкин бўлган махсус саноат зонасини тайёрлаш ишлари муваффақиятли олиб борилаётгани таъкидланди. Питер Сийярто йил охиригача барчаси тайёр бўлишини, имкониятларга эса ўнлаб компаниялар аллақачон қизиқиш билдирганини айтди. Шунингдек, у ҳар йили 170 нафар ўзбекистонлик талабанинг Венгрия олий ўқув юртларида стипендия бўйича таҳсил олишини муҳим ютуқ деб ҳисоблайди. Айни пайтда 800 га яқин киши ариза топширган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Будапештда бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашди, енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатига ташриф буюрди, авлиё Иштван куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этди.