Бухоро вилоятининг Бухоро туманида янги иссиқлик электр станциясининг (ИЭС) илк қурилмаси ишга туширилди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Станциянинг биринчи энергия блоки 2021 йил 31 декабрда ишга туширилган. 270 МВт қувватга эга газ поршенли ИЭС Туркиянинг Aksa Enerji компанияси томонидан давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қурилган.

Ҳозирда мазкур станцияни Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига улаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Станция яқин 2−3 кун ичида тармоққа қувват узатишни бошлайди.

ИЭС йилига 2,2 миллиард кВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Ускуна юқори энергия самарадорлигига эгалиги туфайли 260 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Тежалган табиий газга қўшимча 900 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади, бунинг натижасида 450 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади.

Spot нашрига кўра, Aksa Enerji — электр станциялари ишлаб чиқариш бозорида жаҳонда етакчиларидан бири ҳисобланади. Компания Истанбул (Туркия) ва Чанчжоу (Хитой)даги ўз корхоналарида генератор мажмуаларини ишлаб чиқаради. Aksa маҳсулотлари 165 мамлакатга экспорт қилинади. Айни пайтда Aksa Energy Бухородаги электр станциясидан ташқари Тошкент вилоятида иккита объект — 240 МВт қувватга эга буғ-газли электр станцияси ва 230 МВт қувватга эга газ-поршенли электр станциясини қурмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Франция, Қатар ва Япониянинг «EDF, Nebras Power, Sojitz Corporation» компаниялари консорциуми Сирдарёда 1600 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ИЭС 2025 йил ўрталарида ишга туширилиши режалаштирилган. Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1,2 миллиард долларга баҳоланган.