Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 400 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 200 МВт бўлган учта энергия сақлаш тизимлари қурилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

2023 йил 4 март куни Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ўртасида инвестиция ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида учта битим имзоланди.

Битимлар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 400 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 200 МВт бўлган учта энергия сақлаш тизимлари жорий этилишини ўз ичига олади.

acwa, қуёш фотоэлектр станцияси

Фото: Энергетика вазирлиги

Тошкент вилоятида 400 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари, Самарқанд вилоятида эса 1 000 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари, шунингдек, Бухоро вилоятида 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари жорий этилади. Шу билан бирга, лойиҳалар электр узатиш тармоқлари қурилишини ўз ичига олади.

Тадбир давомида Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берилди. Ушбу электр станцияси ишга туширилиши натижасида йилига 900 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида 257 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 360 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олиниши айтилган.

Қайд этилишича, республикада 2030 йилга бориб электр энергиясининг 35 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Бунинг натижасида эса, жами 15 000 МВтн — 10 000 МВт қуёш ва 5 000 МВт шамол электр станциялари ишга туширилиши белгиланган.

ACWA Power компанияси томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 4 100 МВт бўлган 5 та электр станция, хусусан 2 600 МВт қувватли 4 та шамол ва 1 500 МВт қувватга эга 1 та замонавий иссиқлик электр станцияси қурилмоқда. Компания томонидан Сирдарё вилоятида қурилаётган 1 500 МВт қувватли замонавий ИЭС жорий йилда ишга туширилади.