Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси 24 май куни Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ушбу электр станция йилига 260 миллион кВт электр энергия ишлаб чиқариб, 80 мингдан ортиқ хонадонни энергия билан таъминлайди.

Шунингдек, станция ишга туширилиши натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини 10 кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.

Қурилиш давомида 400 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритган бўлса, лойиҳа ишга тушиши натижасида 25 та янги иш ўрни яратилган.

Умумий қиймати 100 миллион долларига тенг мазкур лойиҳа Франциянинг Total Eren компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилган.

«Мазкур станция Ўзбекистон тарихида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқарадиган иккинчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланиб, айнан ушбу қувватдаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилган эди», — дейилади маълумотда.

2023 йил якунига қадар Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида БААнинг Masdar компанияси томонидан қуввати 220 мегаватт бўлган вилоятдаги иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади, делинади Энергетика вазирилиги хабарида.