Бугун, 14 январь куни 11:15 да Туркиянинг Aksa Enerji компанияси томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қурилган, қуввати 240 МВт бўлган янги буғ-газ электр станцияси Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу иссиқлик электр станцияси йилига 2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Қурилмаларнинг фойдали иш коэфициенти юқорилиги ҳисобига, йилига 290 миллион метр куб табиий газ тежалади. Тежалган табиий газ ҳисобига қўшимча 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа Туркиянинг Aksa Enerji компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур электр станция Aksa Enerji компанияси томонидан республикада фойдаланишга топширилган иккинчи ИЭС хисобланиб, биринчиси жорий йилнинг 11 январь куни Бухоро вилоятида (қуввати 270 МВт) ишга туширилган эди.