«Ипотекабанк»нинг Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли акциялардан 75 фоизи Венгрия компанияси ҳисобланган OTP Bank`га сотилди. Банкнинг қолган 25 фоиз акцияси 3 йиллик муддатда сотиб олинади. Бу ҳақда банк расмий саҳифасида хабар берилди.

ОTP Bank 2020 йил охиридан бери Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб бораётганди. Банкнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши 2020 йилнинг июлидаёқ маълум бўлган эди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сияртонинг Тошкентга ташрифи чоғида сўз очилган эди.

2022 йилнинг апрелида эса ОТP Bank банки Ўзбекистондан битимни кечиктиришни сўраганди ва кечикишга Украинадаги уруш сабаб қилиб келтирилганди.

2022 йилнинг декабрь ойига келиб Тошкентда банкнинг Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли акцияларининг 100 фоизи (умумий банк акциялардаги улуши тахминан 98 фоиз) OTP Bank томонидан сотиб олиниши юзасидан олди-сотди шартномаси имзоланганди.

Бугун молиявий амалиёт муваффақиятли якунланган ва OTP Bank «Ипотекабанк»нинг қонуний назорат органига айланган. Натижада, OTP Bank «Ипотекабанк»нинг 73,41 фоиз эгалиги билан асосий акциядорига ҳамда билвосита банкка тегишли молиявий лизинг билан шуғулланувчи «Ипотека лизинг» ва суғурта хизматларини таклиф қилувчи «Имкон-Суғурта» жамиятларининг эгасига айланган.

««Ипотекабанк»нинг маҳаллий тажрибаси ва OTP Group`нинг 11 мамлакатдаги 23 дан ортиқ банкларни сотиб олишда тўплаган билимларини боғлаш орқали «Ипотекабанк» мавқеъи янада мустаҳкамланишига қатъий ишонамиз», — деган ОTP банк Бошқарув раиси ва бош директори Шандор Чанъи.

«Ипотекабанк» мижозларидан ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим ҳеч қандай ҳаракатларни амалга оширишни талаб этмайди ва уларга интеграция жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида маълумотлар тақдим этилади.

Маълумот ўрнида, «Ипотекабанк» активлари бўйича банк бозорининг 7,6 фоиз улушига ҳамда 1,5 миллионга яқин чакана мижозларга эга ҳисобланади. Банк активлари ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг бешинчи йиллик банки саналади.

ОTP Group эса Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг 12 мамлакатида 41 мингдан ортиқ ходимга эга ва 17,5 миллиондан ортиқ мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади. Молиявий бирлашма 2000 йилдан бошлаб 23 та банкни сотиб олган ва бирлаштирган. OTP Group бош оффиси Венгрияда жойлашган бўлиб, 1995 йилдан бери Будапешт фонд биржасида рўйхатга олинган.