25 май куни Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Air Products компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида Air Products компанияси томонидан 1 миллиард долларлик инвестиция эвазига Қашқадарё вилоятидаги табиий газни қайта ишлаш заводини ривожлантириш бўйича Инвестиция шартномаси имзоланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур мажмуа Ғузор вилоятида 2021 йилда очилган Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводи — Uzbekistan GTL таркибига киради.

Air Products директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасем шартномани қуйидагича шарҳлади: «Ўсиш суръати юқори бўлган мамлакат — Ўзбекистонда ушбу стратегик ҳамкорлик орқали биз энг илғор технологиялар ва билимларимизни қўллаш имкониятига эга бўламиз. Бу келишув юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради. Биз ушбу узоқ муддатли ва барқарор шерикликни ривожланишини кутмоқдамиз, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятларидан мамнунмиз».

Маросимда таъкидланишича, Air Products компанияси тажрибасидан Uzbekistan GTL заводида — табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш орқали самарадорлик оширилади, маҳсулот таннархи пасайтирилади ва зарарли чиқиндиларни камайтиришга эришилади.

Air Products дунёдаги етакчи газ ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бозорда 80 йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд. Компаниянинг асосий фаолияти атмосфера ва технологик газлар ва турли саноат тармоқлари, жумладан, нефтни қайта ишлаш ва нефть кимёси учун тегишли ускуналар ишлаб чиқариш ҳисобланади.

Бундан ташқари, Air Products суюлтирилган газ ишлаб чиқариш технологияси ва ускуналарини етказиб бериш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади, шунингдек, бутун дунё бўйлаб турбомашиналар, мембрана тизимлари ва криоген контейнерларни етказиб беради.