Тошкент шаҳрида айрим ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилгани муносабати билан жамоат автобуслари бошқа шохобчаларга бориб, катта навбат ҳосил қилмоқда. Тармоқларда автобусларнинг узун навбатларда тургани акс этган видео пайдо бўлди.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳолатга расмий муносабат бериб, ҳозирда масалани ҳал этиш учун ташкилот шаҳар ҳокимлигида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан тезкор ишчи гуруҳ тузганини билдирди.

Келтирилишича, пойтахтдаги мавжуд ёнилғи қуйиш шохобчаларида автобуслар учун қўшимча ёнилғи қуйиш станциялари ажратилган.

Табиий газда ҳаракатланадиган автобусларнинг узлуксиз ишлаши бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда электробус ҳайдовчилари машиналарни қувватлаш бўйича шикоят йўллаганди. Уларнинг сўзларига кўра, кечикишлар туфайли режани бажариб бўлмаган, шунингдек, ҳаракат мунтазамлиги бузилган.

Кейинроқ «Тошшаҳартрансхизмат» бошқа автопарклардаги қувват жойларини бўлиб бериш орқали муаммо ҳал этилганини билдирган.