Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 2-автобус бекати ҳудудида турган электробуслар ҳайдовчиларининг машиналарни қувватлашдаги муаммолардан шикоят қилган видеомурожаати тарқалганди. Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси ва мутасадди ходимлари ҳайдовчилар билан учрашди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Видеода 10 га яқин ҳайдовчининг «тепадаги раҳбарлар»га мурожаат қилиб, муаммоларини айтаётганини кўриш мумкин. Уларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчилар ҳар куни эрталаб соат 4−4:30 да ишга келади, лекин машиналар қувватланмаган бўлади.

Қайд этилишича, ушбу видеомураатдан сўнг ҳайдовчилар билан учрашув ташкил этилган.

«Мурожаатимиздан кейин эртаси кун мажлис ўтказиб, бошқа автопарклардаги „зарядка“ жойлари бизга бўлиб берилди. Ҳозир ўзимизни графикка улгуряпмиз, зарядлаш учун эрталабгача қолиб кетмаяпмиз. Ойлик масаласига келсак, шу ҳафта охиригача тушириб беришни ваъда қилишди», — деди ҳайдовчилардан бири Жамшид Имаметов.

Аввалроқ автотураргоҳларда зарядлаш станциялари етишмаётгани хабар қилинганди. Май ойида Тошкентга янги автобуслар ва катта сиғимли электробуслар кела бошлаганида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти зарядлаш шохобчалари етишмаётгани сабабли айрим электробуслар йўналишга чиқмаганини тан олган.

Компания, шунингдек, барча зарядлаш станциялари тармоққа уланмагани, чунки уларнинг юқори қуввати туфайли тегишли электр инфратузилмасини талаб этишини маълум қилган.