Италиянинг «Кальяри» клуби ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни «Рома»дан ижарага олганини маълум қилди. Клуб футболчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ўз сафига қўшган.

Инсайдер Жанлука Ди Марционинг ёзишича, «Кальяри» ижара учун 1 миллион евро тўлайди ва ҳужумчини сотиб олиш қарорига келса, 9 миллион тўлашига тўғри келади. Шунингдек, «Рома» ижара вақти давомида ҳужумчи маошининг ярмини тўлаб бериши айтилган.

италия, кальяри, рома, футбол, элдор шомуродов

Фото: Twitter / Cagliari Calcio

Элдор Шомуродов 1995 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида туғилган. «Машъал» клуби академияси тарбияланувчиси фаолиятини шу клубда бошлаб, кейинчалик «Бунёдкор» жамоасига ўтган. 2017 йил ёзида у Россиянинг «Ростов» клубига кўчиб ўтди ва жамоа сафида уч мавсумда жами 91 ўйинда майдонга тушиб, 18 та гол урди, 12 та голга ассистентлик қилди.

2020 йил октябрь ойида ҳужумчини Италиянинг «Женоа»си 7,5 млн евро эвазига сотиб олди, бир йил ўтиб эса Шомуродов 17,5 млн евро трансфер суммаси билан Италиянинг бошқа клуби — «Рома»га ўтди. Ўтган мавсумнинг сўнгги қисмида у «Специя» сафида ижара асосида ўйнади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳужумчи ҳозиргача 65 ўйинда 37 та гол урган. Шомуродов «Кальяри» тарихидаги биринчи ўзбек футболчисига айланди. Бу жамоада ўзбекистонлик ҳужумчига «Лестер Сити» билан Англияда 2015 йил сенсацион мавсум ўтказиб, чемпион бўлган Клаудио Раньери мураббийлик қилади.