Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғонада бўлиб ўтган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган йиғилишида яқинда Тошкентдаги болалар боғчасида содир бўлган воқеани тилга олиб, ички ишлар ходимлари болаларга «оқ ва қорани ажратиш» муҳимлигини тушунтирганига тўхталиб ўтди.

«Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3−4 ёшли болакайларга „оқ-қорани фарқлаш“ бўйича маъруза ўқиш билан банд», — дея таъкидлади президент.

Давлат раҳбари тизимда стажи 3 йилгача бўлган, энди тажриба тўплаётган профилактика инспекторларини криминоген оғир маҳаллага қўйиш амалиёти ҳалигача давом этаётганини билдирди.

Аксинча, «яхши» маҳаллаларда эса кўп йиллик тажрибаси бор ходимлар хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ички ишлар вазирига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз йўлга қўйилгани кўрсатиб ўтилди.

Ижтимоий-иқтисодий муаммоси ҳал этилмаса, жиноят йўлига кириш эҳтимоли юқори аҳоли қатлами билан янгича ишлаш тизими жорий қилинган эди. Унга кўра, бундай тоифага кирувчи аҳоли «ижтимоий профилактика» тамойили асосида «маҳалла бешлиги»га номма-ном бириктирилган.

«Лекин Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бу масаланинг ичига чуқур кирмаган, „маҳалла бешлиги“ учун на бир методика, на бир қўлланма ишлаб чиққан. Оқибатда ушбу янги тизим 9 минг 400 та маҳалладан бор-йўғи 20 тасида ишлаяпти», — деди у.